Коронавируснинг оғир кечиши нимага боғлиқ?
Швеция ва германиялик олимлар коронавирус инфекциясининг оғир кўринишига жавобгар ирсий омил замонавий одамга неандерталлардан ўтганлигини аниқлашди. Бу ҳақдаги маълумотлар «Nature» журналида чоп этилди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ДНКнинг бу бўлаги дастлаб вируслардан ҳимоя қилган. COVID-19 ҳолатида эса, афтидан, геномнинг бундай бўлагига эгалик қилувчи одам иммун тизими инфекцияга қарши ҳаддан ташқари кучли курашади. Бу эса организм заифлашишига олиб келади. Натижада касалликнинг оғир кечиш хавфи уч баравар ортади.
Маълумотларга кўра, неандертал хромосомаларига ўхшаш ДНК бўлаги, айниқса, Бангладешда кўп учрайди: аҳолининг 63 фоизи унга эгалик қилишади. Бундан ташқари, Жанубий Осиё аҳолисининг учдан бир қисмида ҳам геномнинг шунга ўхшаш бўлаги мавжуд. Европа ва Шарқий Осиёда унинг тарқалиши ўн фоиздан ҳам ошмайди. Африка аҳолисида эса бундай генлар деярли учрамайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter