Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирусни 48 соатда ўлдирадиган дори — қанчалик ҳақиқат?

Коронавирусни 48 соатда ўлдирадиган дори — қанчалик ҳақиқат?

Фото: AP Photo/Gerald Herbert

Австралиялик олимлар (Мельбурндаги Монаш давлат университети) паразитларга қарши қўлланадиган ивермектин дориси билан лаборатория шароитида коронавирусни ривожланишдан тўхтата олишди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати «Antiviral Research» илмий журналидаги мақолага ҳавола билан хабар берди.

Мельбурндаги Қироллик шифохонасида ўтказилган лаборатория синовларида антипаразитик ивермектин дориси SARS-CoV-2 вирусининг ҳужайрада ўсишини тўхтатишига 48 соат кетган.

Доктор Кайли Вагстафф. Фото: «Monash.edu»

«Ҳатто ҳужайралар учун заҳарли бўлмаган битта доза (дори) 48 соат ичида вирус РНКсини тўлиқ — 99,98 фоиз бузишини ҳамда 24 соат ичида муҳитда вирус тўпланишини сезиларли камайтиришини аниқладик», — деди тадқиқот етакчи муаллифи, Монаш университети Биотиббиёт мактаби доктори Кайли Вагстафф.

У таъкидлайдики, дори ҳозирча лаборатория шароитида самара берди, энди клиник синовлардан ўтиши керак.

«Ҳозир бутун дунёда кенг қўлланилаётган ивермектин — хавфсиз дори, бироқ инсон учун қўллаш мумкин бўлган доза самара берадими (коронавирусга қарши)? Буни аниқлаш кейинги қадам бўлади», — таъкидлайди доктор Вагстафф.

Ивермектин қандай қилиб коронавирусга таъсир қилиши ҳам тадқиқотчиларга номаълум. Балки унинг самараси вируснинг ҳужайраси иммунитетига таъсиридадир — бу ҳам тахмин.

Университет матбуот хизмати, гарчи лабораторияда синов муваффақиятли ўтгани билан, ивермектин ҳозирча одамларда коронавирус инфекциясини даволаш ёки профилактикаси учун қўлланилиши мумкин эмаслигини алоҳида таъкидлади. Бу дорининг келгусида қўлланилиши клиника олди ва клиник синовларда кўрсатадиган натижасига, қанчалик самарали ва хавфсизлиги аниқланишига боғлиқ.

Маълумот учун: Ивермектин инсон ва ҳайвонларни эндо ва эктопаразитар касалликлардан даволашда ишлатилади. Ивермектинни очганлар 2015 йили физиология ва тиббиёт йўналишида Нобель мукофотини қўлга киритишган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг