Коронавирусга чалинган соппа-соғ одам оёғидан айрилди
Англиянинг Дорсет графлиги Борнмут шаҳрида яшовчи одам коронавирусни юқтириб олгандан сўнг тромб пайдо бўлиши натижасида оёғидан айрилди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.
Октябрь ойининг охирида 56 ёшли Ли Мэббетт COVID-19 билан касалланиб қолган. У таъм билмай қўйган ва бутун вужуди зирқираб оғрий бошлаган. Уйда ўн кунлик изоляциядан сўнг Мэббеттнинг аҳволи яхшилангандек бўлган. У касалликдан тузалдим деб ўйлаган. Аммо кейинчалик ўнг оёғини яхши сезмаётганини пайқаб қолган.
Англия фуқароси Миллий соғлиқни сақлаш хизмати мутахассисларига қўнғироқ қилган: улар оғриқ қолдирувчи препарат қабул қилишни маслаҳат беришган. Бир неча кундан сўнг оёғидаги оғриқ кучайган. Шундан сўнг унга тез ёрдамга боришни маслаҳат беришган. Компьютер томографияда бемор сонининг юқори қисмида 15 см тромб борлиги аниқланган.
Жарроҳлар зудлик билан Мэббеттнинг оёғида қон таъминотини тиклаш мақсадида операция йўли билан тромбни олиб ташлашган. Аммо бир неча кундан сўнг ўнг оёғининг кафтлари ва бармоқлари қорая бошлаган. Операциядан кейин Мэббетт шифохонада 13 кун ётган. Қон таъминоти қайта тикланмаган ва оёғи аста-секин ўла бошлаган.
Шифокорлар январь ойида беморнинг оёғини кесиб ташлашга қарор қилишди ва эркакни вақтинча шифохонадан чиқаришди. Бироқ 15 декабрь куни яна тиббиёт муассасасига олиб борилди ва оёғи шошилинч равишда ампутация қилинди. Чунки оёғи қорайиб кетганди.
«Уч ойдан сўнг протез ёрдамида яна юра оламан. Шунчаки итларим билан сайр қилишни ва оддий ҳаёт кечиришни хоҳлайман, аммо энди ҳаммаси бошқача бўлади. Ҳаёт тарзи борасида омадим чопган: бунгалода яшайман, ногиронлар аравачасида ўтирган ҳолда уйда ишлашим мумкин. Оёқдан айрилиш бошқаларга таъсир қилганчалик менга таъсир қилмайди», — деди у.
Мэббетт коронавирусга чалинишдан олдин соппа-соғ бўлганлигини таъкидлади. У бошқаларни коронавирусни юқтириб олишдан сақланиш учун ижтимоий масофа сақлашга чақирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter