Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирусдан тузалган энг кекса испан фуқароси умри давомида иккита даҳшатли эпидемияни бошидан кечирган

Коронавирусдан тузалган энг кекса испан фуқароси умри давомида иккита даҳшатли эпидемияни бошидан кечирган

Фото: «Charry TV»

Испанияда COVID-19 билан оғриган 106 ёшли момо соғайди, дея хабар берди «The Olive Press» испан газетаси.

Ана дель Валье 1913 йилда туғилган. У 15 ёшида ўн миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган «испанка» — ҳалокатли грипп эпидемиясидан ҳам омон қолган.

«Ўшанда уйидагиларнинг ҳаммаси касалланган», — дея сўзлаб берди келини Паки Санчес.

Момо саккиз йилдан бери Испаниянинг Кадис провинцияси Алькала-дель-Валье шаҳридаги қариялар уйида яшамоқда. Март ойида у билан бирга 60 нафар қўшниси, 22 та ходимдан 20 нафари SARS-CoV-2 коронавирусни юқтириб олишди.

Ҳукумат уларни COVID-19 га қарши курашга яхшироқ ҳозирлик кўрган Ла-Линеа шаҳар шифохонасига кўчириб ўтказишга қарор қилди. Беморларнинг шаҳарга киришини истамаган норози аҳоли хаста қарияларни олиб кетаётган автобуснинг олдини тўсиб чиқиб, уларни тошбўрон қила бошлаган, деб ёзади «Euro Weekly News» газетаси. Полиция аралашуви билан зиддият ҳал этилган.

Ана дель Валье касалликни оғир ўтказганидан реанимацияга тушиб қолган. Бироқ кўп ўтмай тузала бошлаган, деб ёзади «The Yucatan Times». Бир неча кун аввал шифохонадан тўлиқ соғайиб чиқди. У COVID-19 дан тузалган энг кекса испан фуқароси ҳисобланади.

«Шифокорлар унинг таҳлил натижалари жуда яхшилигини, лекин эҳтиёт бўлиш кераклигини айтишмоқда, — деди Паки Санчес. — У ёлғиз овқатланади, баъзида кўп, баъзида кам. Ходунок ёрдамида қисқа сайрларга чиқиб туради».

«Испанка» — 1918-1919 йилларда кузатилган оммавий грипп эпидемияси. Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, ўшанда 550 миллион киши вирусни юқтириб олган, 50-100 миллион киши эса вафот этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг