Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирус кўланкаси: тобутсозлар тобут ясашга, гўрковлар қабр ковлашга улгурмаётир

Коронавирус кўланкаси: тобутсозлар тобут ясашга, гўрковлар қабр ковлашга улгурмаётир

Фото: Jilla Dastmalchi

Коронавирус насроний олами дафн маросимларини ҳам ўзгартириб юборди.

Covid-19 инфекциясидан вафот этганлар олдига на яқинлари, на дўстлари қўйилмоқда. Шифокорларга кўра, вирус вафот этган бемордан бошқаларга юқмайди, аммо у марҳумнинг кийимида бир неча соат яшайди. Шу боис ундан вафот этганларнинг жасади зудлик билан  герметик мато билан ўралмоқда.

Насронийлик одатига кўра, вафот этган инсон кўркам либосларда сўнгги йўлга кузатилади. Кўпинча майитнинг сочи турмакланиб, макияж ҳам қилинади. Аммо айни пайтда вирус хавфи боис майитлар шифохона жомасида шошилинч равишда дафн этилмоқда. Гоҳида эса жасадлар крематорийда ёқилмоқда.

Насронийлар тобутга оилавий ёдгорлик ва суратларни ҳам қўшиб кўмишга одатланган. Аммо эпидемия авж олган бир пайтда тобутга оилавий ёдгорликларни қўйиш ҳам тақиқланди.

Бутун дунёда ваҳима уйғотган коронавирус вабоси оилаларни вафот этган яқинларини сўнгги йўлга кузатиш имконидан ҳам маҳрум этмоқда. Азадорларга яқинининг тобути сурати юборилмоқда, холос. 

Фото: AP

Коронавирус ўчоғига айланган Италияда ушбу офатдан кунига юзлаб одам ўлим топмоқда. Фавқулодда ҳолат сабаб Рим ҳукумати мисли кўрилмаган тақиқ жорий этишга мажбур бўлди: мамлакатда дафн маросими ўтказиш ман этилди.

Дафн билан шуғулланувчи масъуллар тобутни машинада черковга келтиради. Руҳоний ошиғич равишда дафн дуоларини ўқийди. Аммо бу жараён бир неча дақиқа давом этади, холос. Аввало, вирусдан вафот этган шахсни тезроқ қабрга қўйиш керак. Қолаверса, майитлар жуда кўп, уларнинг ҳар бирига рисоладагидек дуо ўқишга вақт йўқ.

Фото: Reuters

Италиядаги дафн хизматлари тизими жуда катта босим остида ишламоқда. Мамлакат бўйича вирусдан вафот этганлар сони 6800 дан ошди. Шимолий музофотлар шифохоналаридаги ўликхоналар тўлиб кетган. Гўрковлар эса қабр ковлашга улгурмаётир. Айрим ҳудудларда тобутлар кўпайиб кетганидан уларни ташиш учун ҳарбий машиналар жалб этилган.

Дафн хизмати ходимлари махсус ҳимоя либосларида фаолият юритмоқда. Аммо бу кетишда улар ҳимоя воситалари тақчиллиги билан юзма-юз келиши ҳеч гап эмас. 

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг