Коронавирус энг кучли гриппдан беш баравар хавфли — исроиллик мутахассис
Коронавирус инфекцияси ҳатто энг кучли гриппдан ҳам анча хавфли, хусусан, ўлим ҳолатлари беш баравар юқори. Бу ҳақда Тель-Авивдаги юқумли касалликларни даволаш тиббиёт маркази етакчи мутахасисси Евгений Качман «РБК-Украина»га интервьюсида маълум қилди.
25 йиллик иш тажрибасига эга мутахассис янги вирусга бепарво бўлмасликка чақирмоқда.
«Биз шифокорлар фактлар билан ишлаб ўрганганмиз. Мана сизга факт: мавсумий грипп оқибатида, у ҳатто энг кучлиси бўлса ҳам, касаллар ўртасида ўлим ҳолатлари 1 фоиз нари-берисида кузатилади. Ковидга чалинганларда эса бу кўрсаткич беш баравар юқори», — деди исроиллик шифокор.
Мутахассис тушунтиришича, коронавирусдан фарқли равишда одатий гриппда бутун организмда зарарланишлар кузатилмайди. Врачлар анчадан бери бунақа ҳолатни (коронавирусдаги каби) кузатишмаганди, деди у.
«Грипп билан касалланганларни даволашда тажрибам катта, менга ишонаверинг, коронавирус бутунлай бошқа касаллик, эҳтиёт бўлинг! Энг катта муаммо коронавирус полиорган етишмовчилигини келтириб чиқариши: ўпкалар билан бирга юрак, томирлар, буйраклар, бош мияга шикаст етказиши мумкин», — эслатиб ўтди Качман.
Эски касалликлар ва иммунитетга қараб ковид ҳар бир беморда турлича кечиши мумкин.
«Муайян хавф гуруҳлари бор, касалликнинг қай тариқа кечишини инсоннинг ёши, иммунитети ҳолати, қатор сурункали касалликлар белгилаб беради. Кўпинча қатор касалликларнинг умумлашмаси COVID-19нинг оғир формасига олиб келмоқда. Булар — нафас йўллари хасталиклари, диабет, юқори қон босими, барча метаболик ва иммун касалликлари», — қўшимча қилди мутахассис.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter