Комендантлик соати муносабати билан Туркиядаги ўзбекистонликларга мурожаат қилинди
COVID-19 касаллиги тарқалишининг олдини олиш бўйича чораларни кучайтириш доирасида Туркия ҳукумати дам олиш кунлари эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар комендантлик соати жорий этиш амалиётини давом эттирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ахборотида айтилади.
Қайд этилишича, келаётган дам олиш кунлари тақиқ 18 апрель соат 00:01 дан 19 апрель соат 24.00 гача амал қилади ҳамда Зонгулдак вилояти ва мамлакатнинг қуйидаги 30 йирик шаҳарлари аҳолисига таъсир қилади: Анқара, Адана, Анталия, Айдин, Баликесир, Денизли, Диярбакир, Эрзурум, Эскишеҳир, Газиантеп, Ҳатай, Истанбул, Измир, Каҳраманмараш, Кайсери, Кожаэли, Коня, Малатя, Маниса, Мардин, Мерсин, Мугла, Ўрда, Сакаря, Самсун, Шанлиурфа, Текирдағ, Трабзон ва Ван.
Ушбу кунларда шифохоналар, дорихоналар, дори-дармон ишлаб чиқарадиган корхоналар, новвойхоналар, қариялар уйлари, реабилитация марказлари, тез ёрдам марказлари ва бошқа ихтисослашган муассасалар фаолияти давом этади.
«Элчихона Туркия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини ушбу чекловларни ҳисобга олишга ва маҳаллий ҳокимиятнинг коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича барча талабларини бажаришга чақиради» – дейилади ахборотда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter