Кеча аҳоли орасида коронавирусга чалинганларнинг ярмидан кўпи Тошкент шаҳрида қайд этилган
![Кеча аҳоли орасида коронавирусга чалинганларнинг ярмидан кўпи Тошкент шаҳрида қайд этилган](https://static.xabaruz.com/crop/1/9/720_460_95_1996533505.jpg)
Тошкент шаҳрида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари бошқа ҳудудларга қараганда ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, 24 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 239 нафар бемордан 31 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 25 июнь куни эса 276 нафар бемордан 24 нафари аҳоли орасида тасдиқланиб, шундан 17 ҳолатда пойтахтимизда аниқланди.
Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи янада ошган, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати эса бироз пасайганини кўриш мумкин.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги Сергели тумани ҳокимлиги ходими А.Т.да (профилактик мақсадда намуна топширган), «Ўзбекнефтгаз» АЖ ходими А.Қ.да (профилактик текширув давомида аниқланган), Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази санавиация ходими С.У.да (коронавирусга гумон қилинган беморларга тиббий хизмат кўрсатган) ҳам касаллик қайд этилган.
Шунингдек, Учтепа туманида яшовчи 2 нафар фуқарода (тана ҳарорати юқорилиги сабабли шифохонага мурожаат қилишган), Шайхонтоҳур туманида яшовчи С.З.да ҳамда Олмазор туманида яшовчи Р.А.да (ҳар икки ҳолатда ҳам тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли поликлиникага мурожаат қилган), Чилонзор туманида яшовчи («сантехник») У.И.да коронавирус инфекцияси аниқланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайганлиги сабабли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларини карантин ва санитария қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраб қолади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter