«Ҳеч ким бу ҳақда гапирмайди!» Олимлар коронавируснинг яратилишида АҚШ ва Хитойни айбламоқда
SARS-COV-2 коронавируси америкалик ва хитойлик олимлар томонидан ишлаб чиқилган бўлиши мумкин, дея таъкидлади норвегиялик олим-вакцинолог Биргер Сёренсен.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, коронавирус юзасидаги генетик изчиллик унинг лабораторияда келиб чиққанлигини кўрсатади.
Британиялик профессор Ангес Далглиш ҳам Сёренсеннинг фикрларини қўллаб-қувватлади. «Quarterly Review of Biophysics» нашрида мутахассислар тадқиқот натижаларини эълон қилишди. Унга кўра вирус ҳайвондан одамга ўтгандан бери деярли мутацияга учрамаган. Уларнинг фикрича, бу SARS-COV-2 нинг аввалдан инсонларга мослашганлигини билдиради.
Бундан ташқари, Сёренсеннинг таъкидлашича, мазкур вирусда атипик пневмония вирусидан олдин табиатда умуман учрамаган фарқли хусусиятлари бор, деб ёзади «iz.ru».
«Биз вируснинг табиий ривожланиш натижасида келиб чиқмаганлигини кўриб турибмиз. Уни америкалик ва хитойликлар ўзларининг «орттирилган функцияли мутациялар» деб номланувчи тадқиқоти чоғида ишлаб чиқишган. Бундай тадқиқотлар бутун дунёда олиб борилмоқда. Ҳеч ким бу ҳақда гапирмайди», — дея олимнинг сўзларини келтирган NRK.
Норвегияликнинг айтишича, Вашингтон билан Пекин илмий тажрибаларда вирусларнинг зарарини ошириш мақсадида олиб борилаётган тадқиқотларда азалдан ҳамкорлик қилиб келишмоқда.
Далглиш билан Сёренсеннинг фикрини Британия разведкаси собиқ раҳбари Ричард Дирлав ҳам тасдиқлаган. Унинг айтишича, лабораториялардан бирида бахтсиз ҳодиса юз берган бўлиши мумкин.
SARS-CоV-2 коронавируси ўтган йили декабрь ойининг охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида тарқала бошлади. Айни вақтда эпидемия дунёнинг деярли барча мамлакатларига тарқалди.
Сўнгги ойларда АҚШ Пекинни пандемияга алоқадорликда айбламоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп вирусни тарқатгани учун Хитойни «жазолашга» ваъда берди.
Хитой ҳукумати эса бунга алоқаси йўқлигини, вируснинг табиий келиб чиққанлигини ҳамда вақтида чора кўрганлигини таъкидламоқда.
Кўпгина олимларнинг фикрича, бундай вирусни сунъий яратиб бўлмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter