Глобал антирекорд: бир ҳафтада тўрт миллиондан ортиқ инсон ковидга чалинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус янги антирекордини қайд этди: ўтган ҳафта давомида 4,3 миллион кишига коронавирус юқди, бу пандемия бошланганидан бери энг юқори (ёмон) кўрсаткич.
Олдинги антирекорд 16—22 ноябрь давомида қайд этилиб, жами 4 060 891 нафар бемор рўйхатга олинганди.
Охирги етти кун давомида 70 мингдан ортиқ бемор вафот этган.
Вирусни энг кўп юқтиришлар ҳар икки Америкада кузатилмоқда. Бир ҳафта давомида Янги Дунёда икки миллиондан ортиқ инсонга касаллик юққан, беморларнинг 29 минг нафари вафот этган. Айни бир пайтда Европада сўнгги уч ҳафта давомида вазият бирмунча барқарорлашаётгани маълум қилинган.
ЖССТ маълумот беришича, коронавирусни юқтириш ҳамда ўлим ҳолатлари Африкада ўсишни бошлаган ва аксинча, Жануби-Шарқий Осиёда бу кўрсаткичлар пасаймоқда.
Коронавируснинг энг йирик ўчоғи ҳамон АҚШ бўлиб қолмоқда, «Worldometers»дан олинган сўнгги маълумотларга кўра, касалланиш ҳолатлари 17 095 415, ўлим ҳолатлари 310 207 нафарга етган.
Иккинчи ўринда — Ҳиндистон (касаллар — 9 932 908, вафот этганлар — 144 130), учинчи — Бразилия (6 970 034/182 799).
Ковид-беморлар сони миллиондан ошган мамлакатлар: Россия, Франция, Туркия, Буюк Британия, Италия, Испания, Аргентина, Колумбия, Германия, Мексика, Польша ва Эрон.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter
Изоҳлар мавжуд эмас