Эркинжон Турдимов: «Аҳолининг тез тиббий ёрдамга мурожаатлари сезиларли даражада камайди»
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида брифинг ўтказилди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
– Бугунга келиб аҳолининг тез тиббий ёрдамга мурожаатлари сезиларли даражада камайди. Буни рақамлар мисолида айтадиган бўлсак, 20-25 июль кунлари 3500 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлса, шу кунларда 103 рақамига ўртача 2400-2500 та қўнғироқ қайд этилмоқда, – деди вилоят ҳокими.
Кейинги кунларда тез ёрдам бригадаларининг моддий-техник ҳолати тубдан яхшиланишига эришилди. Тез ёрдам машиналарининг сони 280 тадан 363 тага етказилди. Вилоятнинг тез ёрдам машиналарига бўлган эҳтиёжи 130 фоизга бажарилди.
Бундан ташқари, Жиззахдаги «Фолксваген» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган 10 та махсус тез ёрдам машинаси харид қилинмоқда.
Самарқанд шаҳридаги Олимпия заҳиралари тайёрлаш марказида 1080 ўринли шифохона фойдаланиш учун тайёр бўлди. Шифохонада коронавирус инфекцияси билан касалланган ва пневмонияга чалинган беморларни даволаш учун барча шарт-шароит яратилди. Энг зарур дори ва тиббий асбоб-ускуналар – ИВЛ, кардиомонитор, Бобров аппарати, небулайзер билан жиҳозланди.
1080 ўриннинг барчасига консоль ўрнатилиб, беморларнинг кислород билан даволаниши таъминланди.
Шифохонада жами 34 нафар врач, 90 нафар ҳамшира ва 90 нафар кичик тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. Бу ерга олиб келинган бемор шу ернинг ўзида рентгентга туширилиб, кардиолог, терапевт ва бошқа тор мутахассис шифокорлар кўригидан ўтказилади.
Янги ташкил қилинган лабораторияда коронавирус учун тест ҳамда беморнинг ҳолатига қараб бошқа таҳлиллар шу ернинг ўзида олинади. Беморларга кислород узлуксизлигини таъминлаш мақсадида шифохонага замонавий кислород станцияси қўйилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter