Буюк Британияда қаттиқ карантин кучга кирди
Эпидемия бўйича вазият кескин ёмонлашаётгани ва касалхоналар тўлиб кетиши хавфи пайдо бўлгани сабабли Буюк Британия ҳукумати Англия ҳудудида мактабларни ёпиб, карантин жорий этишга қарор қилди.
Қўшма Қироллик бош вазири Борис Жонсон халққа махсус мурожаатида, кескин чоралар кўрилмаса, миллий соғлиқни сақлаш тизими 21 кун ичида вазият бошқарувини йўқотиб қўйиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг айтишича, карантин камида февраль ойининг ўрталаригача амал қилади.
Ушбу чоралар доирасида бугун, сешанбадан Англиядаги аксарият мактаблар ўқувчилари яна масофавий таълимга қайтмоқда. Фақат шифокорлар, ижтимоий хизматчилар, ўт ўчирувчилар, полициячилар, курьерлар, сотувчилар сингари пандемия шароитида иш кўпайган касб эгаларининг фарзандлари бундан истисно.
Худди олдинги карантинлардаги каби (март—май, ноябрь—декабрь) одамларга фақат озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналарга бориш учун уйларидан чиқишга рухсат берилади.
Карантин кеча, 4 январь кечки пайтдан Англияда кучга кирди — Буюк Британиянинг бошқа ҳудудларида коронавирус инфекцияси тарқалиши маҳаллий ҳукуматлар томонидан назорат қилинмоқда, хусусан, Шотландия ҳукумати ҳам илгари киритилган чекловларни январь ойи охиригача узайтиришга қарор қилган.
4 январь куни Буюк Британияда коронавирус пандемияси бошланганидан бери кунлик энг юқори антирекорд қайд этилди — 58 784 кишида ковид аниқланди. Умуман олганда, охирги ҳафта давомида кунлик касаллик қайд этилишлари сони 50 мингтадан кам бўлаётгани йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter