Бухорода 3 ёшли бола коронвирусдан соғайди. Тузалганлар сони 2221 нафарга етди

Бугун Бухоро вилоятида 7 нафар, Андижон вилоятида 1 нафар, жами 8 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Бухоро вилоятида тузалганларнинг барчаси ушбу ҳудуддан (5 нафари Бухоро шаҳридан, 1 нафардан Когон ва Ғиждувон туманларидан) бўлиб, барчаси коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Уларнинг 2 нафари эркак, 5 нафари аёл, энг ёши каттаси 52, ёши кичиги эса 3 ёшда.
Бухоро вилоятида шу пайтга қадар 433 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 440 нафарга етди. Айни пайтда шифокорлар вилоятдаги 2 нафар беморга тегишли стандартлар бўйича даво чораларини кўришмоқда.
Андижон вилоятида соғайган 42 ёшли эркак Пахтаобод туманидан бўлиб, узоқ масофага қатновчи юк автомашина ҳайдовчисидир. Вилоятда шу пайтга қадар 162 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 163 нафарга етди.
Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 2221 нафарга етди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter