Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Биз коронавирусга чалинган 12 мингга яқин беморни шу дори воситаси билан тузатдик» — Ҳабибулла Оқилов

«Биз коронавирусга чалинган 12 мингга яқин беморни шу дори воситаси билан тузатдик» — Ҳабибулла Оқилов

Ҳабибулла Оқилов

АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтгани хабар қилинганди. Мутахассис Ўзбекистонда 12 мингга яқин коронавирусга чалинган беморлар «Плаквенил» дориси билан даволанганини қайд этди.

— Поликлиникадан берилган дорилар орасида Витамин С, «Азитромицин» ва хитойча ёзувли қутида «Плаквенил» беришди. «Плаквенил» дориси атрофида шунча гап-сўзлар бўляпти, нега поликлиникалар ҳалигача уни тавсия қилишяпти ва беморларга беришяпти?

— Дори воситаси борки, унинг атрофида гап-сўзлар бўлаверади. Лекин Ўзбекистоннинг ўзининг тажрибаси бор. Биз  коронавирусга чалинган 12 мингга яқин беморларни айни шу дори воситаси ёрдамида тузатиб юбордик.

Биз тизимли равишда чет эллик ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашиб, тажриба алмашиниб турибмиз. АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон давлатларида даволаш протоколларида «Плаквенил» сақланиб турибди. Ўтган ҳафта бир гуруҳ туркиялик олимлар Ўзбекистонга ташриф буюришди. Сўралганда, улар ҳам Туркияда амбулатор шароитида ҳам, стационарда ҳам «Плаквенил» даволаш стандартларида бор эканини қайд этишди.

Куни кеча Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Сеченов номли тиббиёт университетети профессорлари билан ўтказилган видеоконференцияда ҳам муҳокама қилинган саволларнинг биттаси айнан «Плаквенил» қўлланишига бағишланган эди. Россиялик олимлар коронавирус касаллигининг дастлабки кунларида қисқа курс билан «Плаквенил» бериш мақсадга мувофиқ деб айтишди, — дейди профессор.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вакили Клара Ёдгорова Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти гидроксихлорохиннинг («Плаквенил») коронавирусни даволашдаги салбий таъсирини тасдиқлагач, бу дори Ўзбекистонда амал қилаётган энг сўнгги қўлланмадан ҳам чиқариб ташланганини маълум қилганди.

Ҳатто, Клара Ёдгорова гидроксихлорохиннинг самарасиз экани ҳақида ТВ-кўрсатувда фикр билдиргани учун таҳдидга учраганини билдирганди.

«Тез ёрдам» кўрсатуви бошловчиси Комил Алламжонов жонли эфирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан Клара Ёдгоровани ҳимоя қилишни сўраганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг