Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Бир марталик қўлқоплар масаласи нима бўлди?

Бир марталик қўлқоплар масаласи нима бўлди?

Фото: «Xabar.uz»

2020 йил 19 октабрь санасидан бошлаб транспорт воситаларида бир марталик полиэтилен қўлқопларни ишлатиш мажбурий этиб белгиланган эди. Транспорт вазирлиги ушбу қарор ташаббускорларидан бўлгани ҳаммамизнинг ёдимизда.

Аҳоли ўртасида турли норозиликлар юзага келгандан сўнг қўлқопларнинг харажатлари давлат томонидан қоплаб берилиши маълум қилинди.

Ҳозирда ҳеч ким жамоа транспортида бу қарорга амал қилмаяпти. Ҳеч қайси ташкилот бу қарор ўз кучини йўқотганлиги ёки тугатилганлиги тўғрисида баёнот бергани ҳам йўқ.

Бундан «ҳали ҳам қарор кучда ва шунча пул сарф қилиняпти», деган эҳтимол бор эди. Ҳолат юзасидан маълумот олиш учун «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот котибига савол билан юзландик.

Азимжон Маҳамаджоновнинг таъкидлашича, Транспорт вазирлиги томонидан «Тошкент шаҳридаги жамоат транспортларида бир марталик қўлқоплардан фойдаланиш синов тариқасида таклиф этилмоқда» деган қарор чиқарилмаган.

«Ҳар қандай таклиф мазмунидаги тажрибалар ҳам татбиқ қилиб кўрилади. Транспорт бошқармаси томонидан жамоат транспортлари (автобусларда) ва метрополитенда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда бир марталик қўлпоқлардан фойдаланиш тажриба сифатида таклиф этилди. Январ ойида каронавирус хавфининг пасайганлиги жамоат транспортида юқиш эҳтимоли сусайганлиги сабабли бу таклиф ўз кучини йўқотди», — дейди мутахассис.

Азимжон Маҳамаджоновнинг фикрича, бир марталик қўлқоплар нафақат каронавирус пандемияси, балки мавсумий тери касалликларининг олдини олиш учун амалга оширилганди. Шунча вақт давомида сарфланган харажатларни инобатга олган ҳолда йўловчилар учун бу тадбир фойдадан холи бўлмади деб ҳисоблаш мумкин, дейди мутахассис.

Маълум бўлишича, куз-қиш мавсумида қўлқоплардан фойдаланиш бирмунча қулай, чунки об-ҳаво салқин бўлади. Баҳор ва ёз фаслларида эса, аксинча. Об-ҳавони инобатга олиб, ҳозирча бу тажриба қўлланилмаяпти.

Қўлқоплар мажбурий жорий қилинганида экологик муаммо юзага келганди.

Қўлқоплар масаласи бўйича Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов сайтимизга интервю беришдан бош тортиб, саволларимизга фақатгина онлайн тарзда жавоб беришини таъкидлади. Матбуот котибдан билганларимизга кўра:

— Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ умуммажбурий характердаги қарорлар (масалан, қўлқопларнинг мажбурий тарзда жорий этилиши) Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган. Бироқ кенг жамоатчилик бу ҳақда Транспорт вазирлигининг телеграм канали орқали хабар топган эди.

— Транспорт вазирлиги қўлқопларни сотиб олиш ва уларни тарқатиш билан шуғулланмайди. Шу нуқтаи назардан қўлқопларни харид қилиш учун давлат томонидан вазирликка маблағ ажратилмаган.

Бизга тақдим этилган маълумотга кўра, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бир марталик қўлқоплар учун жами «ПОЛИПЛАСТ ДИЗАЙН» МЧЖга 268 790 000 (икки юз олтмиш саккиз миллион етти юз тўқсон минг) сўмлик 8 миллион 600 минг дона қўлқоплар сотиб олган. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ 22 октябрда берган хабарига кўра, кунлик харид сўммаси 16 млн 800 минг сўм бўлган.

Бизга тақдим этилган маълумот 2020 йил 9 декабр санасигача бўлиб, қайд этилишича, шу санадан сўнг бошқа қўлқоплар харид қилинмаган. Бугунги кунда ҳам қўлқоп захираси мавжуд бўлиб, сўралган метро ва автобус машрутларига тарқатилмоқда экан.

Бир марталик қўлқоплар лойиҳаси биринчи ҳафтаданоқ муваффақиятсиз якун топган эди. Коронавируснинг тарқалиши бўйича ўтган йилги сценарий такрорланаётган бир пайтда, самарасиз лойиҳалар яна қайтарилмайди, деган умиддамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг