Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир бемор аввал ота-онасига юқтирган. Отасидан яна 36 ҳамкасбига коронавирус ўтган — Алишер Шодмонов

Бир бемор аввал ота-онасига юқтирган. Отасидан яна 36 ҳамкасбига коронавирус ўтган — Алишер Шодмонов

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши бўйича «Ўзбекистон 24» каналида маълумот берди. Xabar.uz мухбири вазирнинг сўзларини келтириб ўтди.

— Асосан хорижда ишловчи шахслар Ўзбекистонга қайтгандан сўнг оила аъзоларига касалликни юқтириб қўйган. Бунга бир қатор мисоллар келтириш мумкин.

15 март куни хориждан келган ҳамюртимиз 15 нафар шахсга касалликни юқтирган.

27 март куни Андижонда касаллиги аниқланган шахсдан ота-онасига коронавирус юққан. Унинг отаси яна 36 ҳамкасбига коронавирусни ўтказган. Ҳамкасбларидан бири 4 нафар қариндошига юқтирган. Ундан ташқари яна мулоқотда бўлганлардан 3 кишига касаллик ўтган. Бир кишидан 46 нафар одамга коронавирус тарқаган. Афсуски бу беморимиз касаллик аломатлари кўрина бошлаганда ҳам шифокорларга хабар бермаган.

Тошкент шаҳридаги беморимиз турмуш ўртоғи билан Туркияга бориб келган. Улар оиласидаги 8 нафар шахсга касалликни юқтирган. Барчасини ҳозир даволаяпмиз.

Тошкент вилоятидаги яна бир беморимиз эса 26 мартда касаллик бошланганига қарамай 5 кун давомида уйида ётган. У фақат 30 март куни шифокорларга мурожаат қилган ва уни даволашга олдик. Айни вақтда беморни сунъий нафас берувчи (ИВЛ) аппаратига улаб қўйишга мажбур бўлдик.

Тошкент вилоятидаги бошқа бир беморимиз эса йўталиш, тана ҳароратининг кўтарилиши ва хатто нафас сиқишига қарамай тўртта ташкилотга борган. Биз мажбур бўлдик ўша ташкилотларнинг барчасини ёпишга. Бу бемордан 52 киши касалликни юқтирган.

Яна бир бемор учта ташкилотда ишлаётган бўлган. У сабабли 100 дан ортиқ инсонларни кузатувга олишга мажбур бўлдик. Бемор касаллик бошланганини билгани ҳолда шунча одам билан мулоқотда бўлган.

Бу жиноят. Била туриб шунча одамга касални юқтириш хиёнатдир.

Яна бир фуқаромиз хорижда бўлгандан сўнг 7 нафар оила аъзосига юқтирган. У билан мулоқотда бўлган 153 шахсни кузатувда ушлаб турибмиз.

Умумий ҳисобда 7 мамлакатдан кириб келган 123 киши ва улар билан мулоқотда бўлганлар туфайли беморлар сони 390 нафарга етди.

Энг ёмони — тўрт нафар беморимиз ким билан учрашганини сир сақлаган. Фақатгина улар билан мулоқотда бўлганларда иситма чиққандан кейин биз буни биляпмиз.

Яна бир мисол — Туркиядан келган эр-хотинда шамоллаш белгилари бўлган. Аммо улар хориждан келганини айтмаган ва тиббиёт ходимларини чалғитган. Кейинчалик тест ўтказилиб коронавирус аниқлангандан кейин касални яширганларини йиғлаб тан олишди. Натижада бутун оила касалга чалинган.

Афсуски беморлар орасида касаллик аниқлангандан сўнг ҳам шифокорларга қулоқ солмасдан, ўз билганини қилиб юрганлар учраб турибди. Ўзинг бутун маҳаллага юқтириб бўлдинг, керак бўлса яшириб юрдинг, хиёнат қилдинг, энди ҳеч бўлмаса шифохонага келгандан кейин шифокорларнинг айтганини қилиш керак эмасми? Йўқ, манманлик билан тавсияларга қулоқ солмасдан юрганлар ҳам бор. Мана шундай беморлардан бири ҳозир ИВЛ аппаратига улаб қўйилган, сунъий нафас бериляпти.

Мамлакатда чеклов чоралари кўриляпти. Ҳозир уйда бўлишимиз шарт. Машинасида, велосипедида, пиёда айланиб келишга чиқаётганларга мурожаатим — ҳаммамиз сабр қилишимиз керак. Қачонки интизом бўлса, барча тартиб-қоидага бўйсуниб, икки ҳафта уйимизда ўтирсак, ҳаммаси ўтиб кетади. Шунда биринчи навбатда оила аъзоларимизни сақлаб қолган бўламиз.

Ҳатто оилада ҳам қучоқлашиб кўришманг. Ҳамма билан масофада гаплашинг, — деди Алишер Шодмонов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг