Зўравонларнинг панжара ортидаги томошаси. Самарқандда хавфли жиноий гуруҳ устидан ҳукм ўқилди (видео)
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи ака-ука Исмоил ва Исроил бошчилигидаги жиноий гуруҳ ҳаракатлари тўхтатилди, деб хабар берди STV телеканали.
Тумандаги маълум бир ҳудудни бир неча йил давомида қўрқувда ушлаб туриб, товламачилик ва талончилик билан шуғулланган гуруҳнинг 12 нафар аъзоси суд олдида қилмишларига яраша жавоб беришди. Жиноий тўда раҳбарлари суд қарори билан 17 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Суд мажлиси Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди бўлиб ўтди. Суд очиқ шаклда ўтказилиб, унда айбловчиларнинг қариндошлари, ҳуқуқшунослар ва ОАВ вакиллари қатнашдилар.
Суд раиси ҳар бир айбловчининг жиноий ишини алоҳида кўриб чиқди. Суд залида гуруҳ аъзолари томонидан амалга оширилган оғир жиноятлар санаб ўтилгач, айбланувчилар ўзларини ғалати тута бошладилар. Уларнинг бир нечтаси шовқин солиб, ҳатто бошларини панжарага урганича чиқариб юборишни талаб қилишди. Бу билан суд ишига ҳалақит қилишга ҳам уринишди.
Шунга қарамай, суд ўз ишини давом эттирди. Суд жараёнида жиноий тўданинг маҳаллий аҳолини қўрқувга солиш, ҳаётига таҳдид қилиш, қаттиқ тан жароҳатлари етказиш орқали талончилик билан шуғулланиб келгани аниқланди. Улар шунчаликка боришганки, ўз жабрдийдаларини қандай дўппослашганию, қийноққа солишганини тасвирга олиб, интернетга жойлаб туришган. Судда етти нафар жабрланувчининг аризаси ҳам кўриб чиқилди.
Бахтиёр Муртазаев, Самарқанд вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси:
- Жуда кўп жиноятлар ушбу судланувчилар номи билан боғлиқ. Улар томонидан амалга оширилган сўнгги жиноят пахта тозалаш заводида қайд этилган. Жиноий тўда навбатдаги талончиликни амалга ошириш вақтида қўриқчи ва омбор мудирини қаттиқ калтаклашган.
Кўриб чиқилган материаллар ва йиғилган ашёвий далиллар асосида айбланувчиларга суд ҳукми ўқилди. Хавфли жиноий гуруҳ ташкилотчиси Исмоил Холиқов ЎзР Жиноят кодексининг 59-моддасига (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) кўра айбдор деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Гуруҳнинг қолган аъзоларига ҳам узоқ муддатли жазолар тайинланди. Жиноятчилар жазони қаттиқ тартибдаги колонияларда ўташади.
Ушбу хавфли жиноий гуруҳнинг айрим аъзолари ҳали қидирувда экани ҳам маълум қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter