Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зиёлилар сайловда..!

Зиёлилар сайловда..!

Барчамизга маълумки, бугун мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён – президент сайловига старт берилди. Бугун соат 8:00 дан мамлакатимиздаги 10,761 та сайлов участкалари давлат мадҳияси садолари остида очилди. Мазкур сайловни 971 нафар халқаро кузатувчи, жумладан, халқаро ташкилотлардан 631 нафар ва хорижий давлатлардан 340 нафар кузатувчи бевосита кузатмоқдалар. Шунингдек, партиялардан 53,700 нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10,700 нафар кузатувчилар рўйхатга олинган. Сайлов жараёнини маҳаллий ва хорижий ОАВларнинг 1670 вакили ёритиб боришмоқда.

Бу йилги сайлов жараёнларининг олдингисидан яна бир устун жиҳати бу йил Ўзбекистонинг турли ҳудудларидаги 207 та сайлов участкасида ўрнатилган 414 та видеокамера орқали сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини тўғридан-тўғри онлайн режимда кузатиб бориш имкониятининг яратилганлиги бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бу йилги сайловларда ўзларининг юксак сиёсий фаолликларини намоён этишмоқда. Айниқса, ўзбек сиёсий элитаси вакиллари ва зиёлилар бу йилги сайловларда бошқаларга шахсий ўрнак кўрсатиб ҳар бир номзод чиқишларига ўзларининг илмий ёндошувлари билан илгари сурилган ғояларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиб бериб бордилар. Масалан: Фалсафа фанлари доктори, профессор, Исмоил Саифназаровнинг «Сайлов жараёнида нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёдан одамлар иштирок этди, кимдир бизни қўллаб-қувватласа, кимдир танқид қилди, кимдир бутун дунёга аюҳаннос солиб сайловни бекор қилишга уринди! Аммо ўз ҳақини таниган, ўзининг янги дунёқарашига эга бўлган халқимизни бундай уринишлар кўзлаган мақсадимиздан чалғита олмади, буни бугунги сайловчиларнинг фаоллиги ва тетик кайфияти ҳам кўрсатиб турибди» деган бугунги чиқишларининг ўзиёқ бу йилги сайловларнинг ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туришини яққол кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг барчаси овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиб, овоз бериш жараёнида оила аъзолари билан бирга қатнашганлиги эса қонун устуворлиги барча учун баробар эканлигини халққа яна бир бор кўрсатди. Бу анъанани бир қатор вилоят ҳокимлари, вазирлар, парламент аъзолари, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, бир қанча фан ва маданият арбоблари, етук шахслар ва зиёлилар ҳам давом эттириб, ўзлари муносиб деб топган номзодларга овоз беришди.

Сиёсий элита ва зиёлилар қатламининг овоз бериш жараёнидаги фаоллиги натижасида кўплаб фуқароларимизнинг ғайрати ошди десак муболаға бўлмайди. Чунки бугун соат 11:00 га қадар сайловчиларнинг 6 млн 669 минг 552 нафари ёки 33,6 фоизи овоз бериб бўлишди. Агарда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига асосланадиган бўлсак, сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 33 фоизи овоз беришда иштирок этган бўлса, сайлов ўтган деб ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Энг қувонарли жиҳати ҳозирча сайлов жараёнига оид ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолатлари ҳақида хабар келиб тушмади.

Бугунги сайловнинг қонунчилик ва демократик тамойилларга асосланган ҳолда фуқароларнинг, айниқса, жамиятнинг муҳим кучи бўлмиш – зиёлиларнинг фаол иштироки халқимиз тафаккурида эртанги кунга ишонч ва мамлакат тақдирига қайғуриш туйғуларининг ўсганлигини яна бир бор исботлади.

Бахтиёр Маҳкамов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг