Зангиотада беморларга яхши қаралмаяптими? — ССВ муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган коронавирус кўпайганлиги ва Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида Зангиота 1-сон юқумли касалликлар муассасасига қараганда беморлар яхши парвариш қилинмаётгани ҳақидаги аудио хабар ҳақиқатга зид, деб ёзади ССВ матбуот хизмати.
Маълумки, коронавирус инфекциясига қарши курашиш чора-тадбирлари асосида қурилган Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси 2 та йирик даволаш комплексини ўз ичига олади. Уларни барпо этишда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган бўлиб, ҳар икки муассаса жами 4 минг ўринга мўлжалланган.
Шифохоналар лабораториясида вирусология, биокимё ва иммунология, микробиология, паразитология бўйича энг илғор аппаратлар ўрнатилган. Масалан, амалдаги полимер занжирли реакция ускунаси 5 соатда ўртача 40 нафар кишига ташхис қўйса, бу ердаги замонавий жиҳозлар 2 соатда 90 та намунани аниқлаш имкониятига эга.
Ҳар икки даволаш муассасасида ҳам бир хилда экспресс-тест усулида қондаги антитаначаларни 10 дақиқада аниқлаш имкони яратилган. Бундан ташқари, полимер занжирли реакциянинг антиген экспресс тести ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, ҳар икки комплекснинг қабул-диагностика бўлимида мультиспирал компьютер ва магнит резонанс томография, рақамли рентген ҳамда замонавий ультратовуш диагностикасини бир вақтнинг ўзида бажариш мумкин.
Алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, стационар жойларнинг барчаси боксланган ва ҳар бир хонадаги ҳаво бошқасига ўтмайди. Палаталарга кириб-чиқиш, хизмат кўрсатиш алоҳида бўлиб, келган касаллар қабул бўлимидан тамбур орқали тўғридан-тўғри палатага жойлаштирилади.
Барча корпуслар, бўлинмалар яшил, сариқ ва қизил йўлаклар билан ажратилган. Бу эса ташхиси ноаниқ бўлганлар, врачлар ва бошқа хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
Юқорида санаб ўтилган шарт-шароит ва замонавий тиббий жиҳозлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасининг ҳар иккала комплексида ҳам бир хил таъминланганлиги баробарида тиббиёт ходимларининг билим, малака ва тажрибаси ҳам талаб даражасида.
Айни пайтда икки муассасада ҳам беморларга шифокорлар томонидан «COVID-19» коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик тавсияларнинг охирги нашрига биноан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter