Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Заковат» клубининг илк кастинги: «Бай, бай, бай! Қани эди бу ўзбек ўғлонлари... »

«Заковат» клубининг илк кастинги: «Бай, бай, бай! Қани эди бу ўзбек ўғлонлари... »

Фото:«Xabar.uz»

«Эрта баҳор кунлари эди. Саҳарда бир қариндошнинг тўйига бобомлар билан бирга бордик. Кун совуқ, энди тонг отмоқда эди. Кўпчилик айтилган бўлса керак, кўчада саф тортиб, ош ейишга навбат кутиб, одоб билан бобомларни олдинга кузатаётган тумонат одамларни кўриб, ҳассага икки қўлини қўйган ҳолда тўхтадилар. «Бай, бай, бай! Қани эди бу ўзбек ўғлонлари шу тартибда, шундай ғайрат ва ихлос билан Ватан озодлиги учун жангга кирса!» деб, тизилиб турган узун сафга завқ билан узоқ тикилиб қолганларини эслайман» деган эди Алихон Тўра Соғунийнинг невараси Увайсхонтўра Шокиров.

28 феврал куни Ҳумо Арена саройида «Заковат» интеллектуал клуби аъзолигига Тошкент вилояти ва шаҳридан ариза топширганлар учун кастинг ўтказилди. Кастингга қизиқиш шу даражада бўлдики, Ҳумо Аренага кириш эшикларидан кириш учун 2 соатлаб навбатда турасиз. Кастингда «Xabar.uz» мухбири ҳам қатнашди.

Ташкилотчиларнинг берган маълумотларига кўра, «Заковат» интеллектуал клубига аъзо бўлиш учун ариза берганлар сони 13 мингдан ошган бўлиб, уларнинг 11 111 нафари якка тартибда ариза топширганлар бўлса, 1 932 киши 322 та жамоага бирлашган ҳолда рўйхатдан ўтган. Тошкент вилояти ва шаҳрида кастинг учун ҳам минглаб ёшлар йиғилди.

Фото: Alisher Sadullaev.

Илм бу чексиз уммон. Фақат илмгина сизни юксакликка олиб чиқа олади. Тадбирда сўзга чиққан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ўз нутқда айнан шуларни таъкидлаб ўтди.

Комил Алламжонов ихтиролар, янгиликлар ва инқилобий ўзгаришларни фақат телевизордан кўриб, аждодлар билан фахрланиб яшашдан ташқари, илмни трендга чиқариш зарурлиги ҳақида гапирди. «Биз ўтмишдаги улуғ аждодларимиз билан фахрланамиз. Суратларини деворга илиб ғурур билан шуларнинг авлодларимиз деймиз. Ўзимизга келганда эса «Келажагимиз буюк бўлиши»га ишонамиз. Аммо қўлимизда на бир арзугулик кашфиёт, на арзигулик лойиҳа бор».

Масс-медиа фонди раисининг таъкидлашича, боланинг шаклланишида оилавий муҳит, ота-онанинг ўрни, таъсири жуда катта: «Ўқиб, шаҳар оберармидинг?», «Поддержка қиладиган кимимиз бор, нимангга ишоняпсан?», «Ҳадеб китоб титгандан кўра, бор, мол-ҳолга қарасанг-чи», деган гапларни кўп оилаларда эшитамиз. Балки ўзимизга ҳам айтилгандир бундай гаплар. Шунақа гапларни эшитган бола қадди букик, бўйни эгик, ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлиб вояга етиши аниқ. Ўзига ишончи бўлмаган, бировга қарам миллат ана шундай шаклланади».

Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева «Заковат» интеллектуал клуби кастинги тадбирида ўз нутқини Мужодала сураси, 11-оят «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…», билан ўз сўзини бошлади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Мирзиёева клубга аъзо бўлган хотин-қизларни алоҳида қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Интеллектуал ўйинларнинг ташкил этилишида Масс-медиа фонди раиси ўринбосарининг ўрни беқиёс. «Мен орамизда қизлар ҳам борлигидан хурсандман. Азиз опа-сингилларим, сиз бизнинг фахримизсиз. Сизда орзу-мақсадларимиз тимсолини кўряпмиз», деди Мирзиёева.

Заковатнинг кастинг жараёни ҳам юқори кайфиятда ташкил қилинди. Дастлаб 30 та фактга асосланган қисқа саволлар ўқиб эшиттирилди, сўнгра 10 та мантиқий саволга навбат берилди. Тадбир концерт билан давом этди.

«Заковат» турнирлари учун 1 млрд 690 млн сўм ажратилган. Тошкент шаҳри ва вилояти ўйинлари учун ажратилган ютуқ фонди эса 130 миллион сўм. Ажратилган маблағ брейн-ринг танловлари ташкил этилиб, унда ғолиб бўлган жамоаларга тақдим этилади. Бу ижтимоий тармоқларда айрим салбий фикрларга ҳам сабаб бўлгани рост. «Шунча пулни сарфлаш нега керак эди?», «Ундан кўра, шу пулга нечта оилага уй олиб берса бўларди», «Шу пулни илмий лойиҳаларга тикиш керак эди», «Шунча пул зое кетди» каби шарҳлар берилди. Таълимга сармоя киритиш - нега бу ҳеч қачон исроф бўлмайди? Сохта иқтисодиёт, миллат танназули таълимдан инвестицияни тежашдан келиб чиқади. Бу худди рентген кўзойнаги орқали дунёга қарашга ўхшайди. Илмга тикилган пуллар бир кунда, бир ойда, бир йилда ўз натижасини кўрсатмаслиги мумкин, аммо йиллар ўтиб бу ўз натижасини беради. Илмли инсон эртага нафақат ўзига, балки бутун миллатига фойда келтиради.

Илм йўлига сарфланган ҳар қандай маблағ яхши инвестициядир. Комил Алламжонов таъкидлаганидек, биз илм йўлидаги шаҳдингизни сўндирмоқчи бўлган ҳеч кимга қулоқ солмаслигимиз зарур. Заковат ўйинлари республикамиз бўйлаб давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг