Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёшлар академияси иқтидорларни бир мақсад йўлида бирлаштиради

Ёшлар академияси иқтидорларни бир мақсад йўлида бирлаштиради

2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан ёш иқтидорларни инновацион тадбиркорлик соҳасига тизимли жалб қилиш, иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, мамлакат илм-фанининг халқаро миқёсдаги рақобатбардошлилигини таъминлаш мақсадида Ёшлар академияси ташкил этилганди.

Академия қандай ишлайди ва унинг келгуси режалари қандай? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида Ёшлар академияси раҳбари Акбархон Собирхонов билан суҳбатлашдик.

«Ёшлар академияси 2019 йилда шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ташкил этилган. Академия Ўзбекистондаги 40 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлар, ихтирочилар, олимлар ва инноваторларни қўллаб-қувватловчи тузилма саналади.

Академия ўз қамровини кенгайтириш мақсадида, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таркибига ўтказилди. Бунинг ижобий тарафи, илгари биз унча катта бўлмаган иқтидорли ёшлар аудиториясини қамраб олган бўлсак, энди олий таълим тизимидаги барча олийгоҳ ёшларини ҳам жалб қилиш имкониятига эга бўлдик. Эндиликда ёшлар академияси ўзида бир миллиондан ортиқ ёшларни қамраб олиш имкониятига эга», – дейди Собирхонов.

Акбархон Собирхонов Олий таълим муассасалари билан ёшлар академияси фаолияти тизимли ташкил қилиш масаласига тушунтириш бераркан:

«Вазирлик бирлашгач, энди Ёшлар академиясида ишларни тизимли ташкил қилиш учун олийгоҳларнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори ва иқтидорли ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш имкониятимиз пайдо бўлди. Шунингдек, вазиримиз ташаббуслари билан ҳар битта университетда Ёшлар академияси лидери жорий этилади. Бу жамоатчилик асосида иш олиб борадиган, талабалар ичидан танлаб олинган, етакчилик қобилиятига эга, инноваторлик қобилияти бор талаба бўлади», – дея такидлади.

Академияга аъзо бўлиш учун ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди

«Бизга аъзо бўлиш учун қандайдир ҳужжат, гувоҳнома ёки дипломниг кераги йўқ. Ғояси бўлса етарли».

«Ҳаммасини ёшларнинг ўзига қўйиб бермоқчимиз»

Акбархон Собирхонов тузилма фаолияти ҳақида гапираркан, унда кўриладиган масалаларни асосан ёшларнинг ўз ихтиёрига қўйиб бериш кўзланганини, бу борада уларнинг ассамблеялари ташкил этилишини маълум қилди.

«Ёшлар академияси Ассамблеяси тузилади. Ассамблея Тошкент шаҳридаги 8та олийгоҳдаги академия лидерлари, ҳар битта вилоят ҳудудидаги Ёшлар академияси лидерлари ва бизнинг тизимда мавжуд тўртта «Ғоялар генератори», «Стартаплар» «Бизнес вакиллари» ва «Бўлажак академиклар» платформасига масъул бўлган икки нафардан, жами 8 нафар лидерлардан иборат бўлади.

Бир ойда бир йиғиладиган Ассамблея ўз ғояларини, лойиҳаларини амалга ошираётган ёшларга кўмак беради. Масалан ёш ихтирочи стартап қилиши учун грант ютиб олмоқчи. У банкка бориши, ҳужжатларни расмийлаштириши, тендерда қатнашиши керак. Лекин бундай югур-югур ишларни қиламан дегунча, ихтирочи синиб қолиши ва ҳаммасига қўл силтаб кетиши мумкин. Ассамблея йиғилишида мана шу каби муаммоларни кўтаради ва ечими бўйича таклифлар беради. Асосийси ҳаммасини ёшлар, шу тизимнинг ичидагилар амалга оширишади. Ассамблеянинг аъзолари ҳам жамоатчилик асосида бўлади. Улар биринчи навбатда катта жамоа лидери сифатида ишлаб давлатга керакли кадр сифатида шаклланади. Бизда илм-фан, инновация соҳасида бизда кадрлар жуда кам. Ёшлар академияси шу бўшлиқни тўлдиришга ҳам хизмат қилади», дея сўзини якунлади Ёшлар академияси раҳбари.

Ўзбекистон келажакни ўзгартира оладиган ғоялари бор ёшларга, ноёб иқтидорларга бой мамлакат. Ёшлар академияси уларни бутун дунёга чиқишида қўллаб-қувватлаш ва кенг имконият яратиб беришни мақсад қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг