Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ё таъзия, ё тарбия

Ё таъзия, ё тарбия

Фото: «Ratel.kz»

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу: «Менинг учун шаҳидликдан кейинги энг яхши ўлим савдо молини олиб келаётиб юк остида қолиб ўлишдир», — деганлар. Бу ерда айнан бир сурат назарда тутилмаган, балки ўша пайтдаги воқеликдан бир мисол айтилган. Асил маъно «шаҳидликдан кейинги энг афзал ўлим ҳалол касб йўлида жон бериш»дир. Куни кеча тирикчилик йўлида вафот этган юртдошларимиз ҳақида шундай яхши гумон ва тилак билдириб қоламиз. Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!

Бу кунни «ўзбек халқи учун мотам куни» деб эълон қилса ҳам бўлади. Аммо асл мусибат бу эмас. Ўзбекдайин улуғ мусулмонзода элнинг, бухорийзода, самарқандийзодаларнинг бошига келган ва келаётган бу ва бошқа фожиалар кўп йиллик, турли негиз мусибатларнинг натижалари, маҳсулларидир.

Асл мусибатлар ҳозир ҳам орамизда яшаяпти. Уларни бартараф қилишга ҳаракатлар бошланган бўлса-да, ҳали анча иш бор. Ҳар қанча дод-вой солмайлик, айни муаммолар муолажа қилинмас экан, фойдаси йўқ. Айнан иқтисодий ёки сиёсий омилларни айтмоқчи эмасман, балки ахлоқий-тарбиявий сабаблар борки, улар негиз муаммолардир. Масалан:

— ёлғончилик – ҳисоботда, ахборотда, савдода, ваъдада ёлғон ишлатиш;

— бировларнинг ҳаққини ноҳақдан – ёлғон, зуғум, зўравонлик, ноқонунийлик ёки ноҳақ қонун чиқариб ейиш;

— рибо, пора каби Аллоҳ ҳаром қилган, баракасини кесган йўллардан тийилмаслик;

— одамларда ҳалол-ҳаром тушунчалари йўқолиб, ўрнига фойда-зарар тушунчаларигина қолиши;

— пул топишдан кўзланиши лозим бўлган асл мақсад – ҳалол ризқ ейиш ва фарзандларга ҳалол едиришдек тушунчаларни йўқотиб, ўрнига нима бўлса ҳам, кўп топсам бўлди қабилига ўтиб олиш;

— топилган пулни беҳуда орзу-ҳавасларга сарфлаш;

— закотларни тўлиқ адо қилмаслик, адо этишга тўсқинлик қилиш;

— хайрия ва садақаларни, назру ниёзларни тўғри йўналтирмаслик;

— мактабларнинг тарбиядан холи қолгани, аксинча, айни тарбиясизлик масканига айлангани, диёнат, ғурур, ҳалол-ҳаром, эътиқод, ўзлик каби асос тушунчалардан мосуво бўлгани;

— таълим тизимининг яроқсизлангани каби миллат миқёсидаги иллатлардир. Ушбудек ишларни қилган, уларда қатнашган, уларга рози бўлган ҳар бир шахснинг мазкур мусибатларда ҳиссаси бор. Бир бутун миллатнинг айни кучга тўлган аъзоларининг чорак қисми ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлиши жуда камёб мусибатлардан ҳисобланади.

Миллатнинг, ватаннинг келажаги баланд бинолар эмас, буюк шахслардир. Ўзимизни ва авлодларимизни яхши тарбия қилмас эканмиз, муаммоларнинг кети узилмаслиги муқаррар. Бинобарин, илм ва ахлоқ асосидаги тарбияни йўлга қўйиш керак. Усиз на иқтисодий, на ижтимоий, на сиёсий юксалиш имконсиз.

Аллоҳ бизларни кечирсин ва ислоҳ қилсин!

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг