Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Яширин қотил»... Тиббиёт фанлари доктори билан малъун дард ҳақида суҳбат (видео)

Ўтган йили ёш бир таниш йигит буйраклари қуриб қолгани сабаб бу ёруғ олам билан видолашди. Афсусланарлиси, 3-4 йил аввал унга отаси битта буйрагини бериб, ҳаётга қайтарганидан қувонган бўлса, энди фарзандининг совиган танасини қучиб, бутун вужуди титраб йиғларди...

Ҳа, бу малъун дард ўз саломатлигига беэътиборларни зинҳор кечирмайди. Шуни инобатга олиб, «Xabar.uz» сайти Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказининг даволаш ишлари бўйича бош шифокор муовини, олий тоифали нефролог, тиббиёт фанлари доктори Дилфуза Акромхўжаевадан сурункали буйрак етишмовчилиги мавзусида статистик интервью олди.  

Сурункали буйрак етишмовчилиги – бирламчи ва иккиламчи буйрак касалликлари туфайли ҳаракатдаги нефронлар массасининг ортга қайтмас нобуд бўлиши оқибатида келиб чиқувчи ва гомеостаз бузилишига омилкорлик қилувчи симптомлар мажмуасидир.

Сурункали буйрак касалликлари бутун дунёдаги каби Ўзбекистонда ҳам долзарб муаммолардан бири бўлиб, ўлим кўрсаткичининг юқорилиги, молиявий ҳаражати катталиги билан ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар қаторига киради. Асосан меҳнатга лаёқатли аҳоли орасида кенг тарқалган. Унинг авж олиши терминал буйрак етишмовчилиги ривожланиши билан боғлиқ. Бу хасталик кўпинча ўз вақтида ташхисланмайди ва охиригача даволанмайди. Шунинг учун бу касалликка нисбатан «яширин қотил» ибораси ишлатилади. Охирги 25 йил ичида сурункали буйрак касалликларидан ўлим ҳолати 135 фоизга ошган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг нефрология бўйича бош мутахассиси М.А.Собиров томонидан берилган маълумотларга кўра, республика бўйича сурункали буйрак касаллиги билан оғриган беморлар сони 102 969 нафар бўлиб, шулардан сурункали буйрак етишмовчилиги билан рўйхатга олинганлар 20 минг 414 тани ташкил этган. Шундан 3 минг 64 нафари гемодиализ муолажасини олади. 18 ёшгача бўлганлар сони 53 нафарни ташкил қилади. Ушбу хасталикнинг ҳудудий кўрсаткичи республика бўйича – 21,7 фоиз.

Сурункали буйрак етишмовчилиги (СБЕ) бу асорат саналиб, катталарда ҳам, болаларда ҳам учрайдиган хасталик. Дарднинг тез ривожланиб кетиши ушбу асоратга олиб келган асосий касалликни келтириб чиқарган этиологик омилга, унинг турига, морфологик вариантларига боғлиқ.

СБК ташхисини қўйиш унчалик қийинчилик туғдирмайди: бу коптокчалар фильтрацияси таҳлили асосида буйракларнинг азот ажратиш функцияси пасайганлиги билан баҳоланади. Клиник аломатлар аста-секинлик билан ривожланиб, маълум вақт кузатилмаслиги ҳам мумкин. Мазкур патологик жараён барча аъзою тизимларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Унга хос белгилар: Интоксикацион синдром, анемия, уремик остеодистрофия, полисерозитлар, эндокрин ўзгаришлар (гиперпаратиреоидизм, гиперкортицизм, гиперальдостеронизм, гиперинсулинемия, гиперэстрогенимия), гемореологик бузилишлар, паренхиматоз аъзоларнинг дистрофик бузилишлари, сув-электролит, оқсил, ёғ ва углеводлар алмашинувидаги издан чиқишлар.

Даволаш тадбирлари: СБКга чалинган беморларни даволашда асосий эътибор буйрак етишмовчилиги ривожланиши ва зўрайишининг олдини олишга қаратилади. СБК терапияси 2 босқичга бўлинади: консерватив ва буйрак ўрнини босувчилар (диализ ва трансплантация). Консерватив босқичдаги даво – хавф омилларига таъсир кўрсатишдан иборат. Терапиянинг муҳим таркиби – парҳез коррекцияси, энтеросорбентлар, ренал анемияни коррекция қилиш, симптоматик даво ва фосфатларни боғловчи препаратларни (кальций корбонат) юбориш.

Буйрак ўрнини босувчи терапия учун кўрсатма – IIБ – IIIА даража СБК ривожланганида танланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги №859 сонли «Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида 2019 йилнинг шу давригача РШТТЁИАМ ва РИХМларида 190 га яқин беморда буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди. Шулардан 3 нафари вояга етмаган болалар.

Касалликнинг профилактикаси ва давоси ҳақида сўз борганда, биз, аввало, халқимизнинг тиббий маданиятини оширишимиз, улар онгига ушбу хасталик ёмон оқибатлар ва асоратларга олиб келиши, ўлим кўрсаткичи юқори бўлган дардлар туркумига киришини доимий ва тизимли равишда сингдириб боришимиз зарур.

Аслида ҳар бир инсон бебаҳо бойлиги саналган соғлиги унинг ўзи ва оила аъзолари учун муҳим эканини англаб етиши даркор. Шундагина у профилактик кўриклардан доимий ўтиб туради ва оғир касалликларнинг эрта аниқланишига ҳамда керакли тавсиялар олишга муваффақ бўлади.

Маслаҳатим, сурункали инфекция ўчоқлари, яъни муртак безларининг яллиғланиш касалликлари, қулоқ-бурун хасталиклари, кариесга учраган тишларни ўз вақтида даволатинг, ўзингизни зах ва совуқдан эҳтиётланг, токсик моддалар билан ишлаганда меъёр қоидаларига риоя этинг – булар ҳам соғлом турмуш асоси ҳисобланади, дейди Дилфуза Акромхўжаева.

... Олий тоифали нефролог Дилфуза Акромхўжаеванинг мавзу доирасида берган қимматли маълумотлари билан юқоридаги видеода тўлиқ танишишингиз мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг