«Яшасин... Улуғбек Исомиддинов!»
«Ижтимоий тармоқларнинг доимий «қаҳрамони» қайси ҳоким?» дейилса, дарҳол кўз олдимизга икки амалдор келади: Шуҳрат Абдураҳмонов (Андижон вилоят ҳокими) ва Шуҳрат Ғаниев (Фарғона вилояти ҳокими). Дарҳақиқат, можаролар «маркази»да бўлишда икки адашга етадигани йўқ: бир-биридан қолишмайдики, уларнинг қай бирига «биринчи ўрин»ни беришниям билмайсан, рости.
Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов «машҳурликда» улар билан тенглашолмайди, албатта. Бироқ «кучли учликка» кириши аниқ. Тўғри, У. Исомиддинов – Ш. Ғаниевдай «оғзи полвон» ёки Ш. Абдураҳмоновдай турфа қилиқлари билан тилга тушмаган. У асосан фуқароларни судма-суд сарсон қилиш, бунинг ортидан топган-тутганини совуришга сабаб бўлиб, камига суд қарорларини бажармаслик борасида икки адашни чангида қолдиради, ишонаверинг!
Муҳтарам Исомиддинов фаолияти ҳақида бир эмас, бир неча марта танқидий мақолалар эълон қилинганидан ўқувчиларнинг хабари бор. Ҳоким бува ўзи ҳақидаги мақолалардан норози бўлиб, судга мурожаат қилгани-ю бироқ судда ютқазиб, мулзам бўлганидан ҳам жамоатчилик воқиф. Шунга қарамай, ўз жойида мустаҳкам ўтирган ҳолда маҳаллий фермерларнинг «тескари дуоси»ни олишдан чарчамаётирки, бунга фақат «қойи-и-ил» дейиш мумкин.
Эслайлик. 2019 йилнинг 9 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ер майдонларини мақбуллаштириш» ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори чиққанди. Мазкур ҳужжатни ўч олиш воситасига айлантирган Улуғбек Исомиддинов 2019 йил 23 январь кунги қарори билан «Шерзодбек олтин даласи», «Жўрабек» ҳамда «Абдуқаҳҳор ворислари» фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномаларини бир томонлама бекор қилиб юборгани хусусида аввал ҳам ёзилган эди.
Дарҳақиқат, ҳокимнинг мазкур қарори ноқонуний эканлигини Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳам тасдиқлаб қўйди. Жумладан, ҳуқуқлари аёвсиз топталган уч фермер бир йил давомида судма-суд юриб, ва ниҳоят, 2019 йилнинг декабрь ойига келиб юқори маҳкамада ўзларининг ҳақ эканлигини исботлаб қўйишди. Олий судда фермерларнинг зиёнига чиққан қуйи суд қарорлари ҳам, ҳоким томонидан 2019 йил 23 январь куни қабул қилинган қарорнинг юқоридаги хўжаликларга тааллуқли қисми ҳам бекор қилинди.
Бироқ Улуғбек Исомиддинов Олий суд қарорини тан олса, қани?! Аксинча, маъмурий суддаги мағлубиятидан кейин ҳоким жаноблари «жангни» иқтисодий судда давом эттиришга тушди. Иқтисодий судда ҳам «музаффар бўлмоғи» амримаҳол эди, бироқ «судма-суд чопишлар» орқасидан вақтдан ютар эдики, мақсад-муаддоси шу аслида. Чунки, ҳокимнинг ўзи судга бормайди, унинг вакили сифатида сергап ва иқтидоридан иддаоси баланд ҳуқуқшунос қатнашадики, суд мажлисларини аччиқ ичакдек чўзишда унга етадигани йўқ. Ўша ҳуқуқшуноснинг маслаҳати ила ҳокимнинг «фермер хўжаликлари ўртасида тузилган ер участкаларини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаларини бекор қилиш» мазмунидаги даъвосига кўра Андижон туманлараро иқтисодий судида бошланган суд жараёни жуда узоқ давом этди. Масала Олий судга қадар келиб, натижа шу бўлдики, айланиб ҳам, ўргилиб ҳам фермерлар ҳақ бўлиб чиқаверди.
Бунинг учун салкам икки йил вақт сарф бўлди.
Шунга қарамай, ҳокимнинг хатти-ҳаракатлари йиқилган курашга тўймайди, деган нақлни ёдга солаверади денг!
Улуғбек Исомиддинов ҳамон аҳдига содиқ: фермерларга ерларини қайтариб беришни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаяпти. Икки йил давомидаги муттасил сарсон-саргардонликлар эвазига судма-суд юриб, алал-оқибат «мақсадга эришдик» деб қувонган деҳқонлар эса кузги бошоқли экинлар экиш бошлангунга қадар хўжаликлари фаолиятини тиклаш умидида Улуғбек Исомиддиновга термулиб туришибди. Бу термулишлардан завқ-шавқ олаётган мансабдорнинг кайфияти эса чакки эмас: деҳқончиликда ўрни бўлган фермерларни «синдириши» билан бошқа ер эгаларига қарата худдики «Кўриб қўй, менга Олий суд қарори ҳам бир тийин. Туманда фақатгина менинг айтганим – айтган, деганим – деган. Сўзимни икки қилганнинг эса ҳолига вой», дея ишора бераётгандай.
Ҳолбуки, туманда ҳеч бир асоссиз еридан мосуво этилган ўнлаб фермерлар норизо бўлиб, ҳокимлик билан судлашиб юрганлиги яна қатор мақолаларга мавзу бўлади. Аммо матбуотдаги бу чиқишлар натижа берса, қани? Фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари бузилаётганлиги, суд қарорларининг тан олинмаётганлиги прокуратура идоралариники ўйлантирмаётган экан, Улуғбек Исомиддиновнинг ошиғи олчи бўлаверади-да! Мингта мақола ёзмайсанми? Сенинг қаламингдан ҳокимнинг «қиличи» ўткирлигини асло унутма.
Ер муносабатлари билан боғлиқ шундай ажабтовур ҳолатлар борки, энг унумдор майдонлар ер участкаларига, тадбиркорлик субъектларига бериб юборилмоқда. Пахта ва ғалла экилаётган майдонлар эса ўз юкини тортишга йилдан йилга заифлашмоқда. Шу ўринда бир ҳақиқатни айтиб ўтмоқлик даркор. Улуғбек Исомиддинов ҳоким бўлгандан буён пахта тайёрлаш режаси абгор ҳолатда. Бунинг ортидан келган зиёнлар бир неча ўн миллиардларни ташкил этади, деяверинг. Илғор фермерларни судма-суд сарсон қилиб, тавбасига таянтираверса, ҳар қандай топшириқларни лаббай деб бажарувчи, аммо деҳқончиликка уқуви йўқ фермерларни эса истаганча қўллайверса, бундан ортиқ яна қандай натижа бўлиши мумкин?
Юнон файласуфи Афлотуннинг «Қайси юртда қонунлар ҳокимлар устидан ҳукмрон бўлса, ҳокимлар эса қонунга қул бўлса, ўша ерга Худонинг неъматлари ёғилиб туради», деган пурмаъно ҳикмати бор. Андижон тумани ҳокимининг эса қонунларга қул бўлишидан кўра туянинг думи ерга тегиши ҳақиқатга яқинроқ, чоғи?!
Нимаям дердик: яшасин... Улуғбек Исомиддинов!
Усмонжон Алиев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter