Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янгибозор ёшлари ҳеч кимга керак эмасми?

Янгибозор ёшлари ҳеч кимга керак эмасми?

Фото: «Sarhad.uz»

«Sarhad» газетаси сайтида Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги муаммо ҳақида танқидий мақола эълон қилинди.

«Янгибозор туманидаги Чўболончи маҳалласида 654 хонадонда 3620 киши яшар экан. Улардан деярли 2 минг нафари ишга яроқли аҳоли бўлиб, шундан деярли 1250 нафари 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар. Аммо маҳалладаги битта умумтаълим мактаб, битта мактабгача таълим муассасаси, битта қишлоқ врачлик пунктидан бошқа биронта ҳам ижтимоий соҳа объекти йўқ. Кутубхона, спорт майдончаси ёки ёшларни бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишга хизмат қилувчи бошқа масканларни бу маҳалла ёшлар фақат орзу қилишади холос», — дейилади мақолада.

Маҳаллада бор йўғи 20 та фермер хўжалиги, бармоқ билан санарли савдо объектлари, шунингдек, 11 нафар пиллачилик бўйича касаначилар бор холос.

– Қишлоғимизда на ёшларимизни ишлаши ишхона бор, на касб ҳунар ўргатадиган марказ бор. Бўш вақтларини фойдали ўтказишлари учун керак шароитлар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Оддийгина уяли алоқа ҳам маҳалламизда катта муаммо. Телефонда гаплашиш учун томга чиқиш керак. Шу боисдан ёшларимиз ўзга юртларга ишлашга кетишга мажбурлар.

Телевизорда Президентимиз катта умидлар билан ташкил қилган Ёшлар иттифоқининг бошқа вилоятларда чекка ҳудудларда ёшларга яратиб бераётган шароитларини, уларга бераётган кўмакларини кўриб ҳавас қиламиз. Лекин бизни маҳаллага шу пайтгача на туман, на вилоят Ёшлар иттифоқидан биров келиб, фарзандларимизни ишга жойлаштириш нарида турсин, бормисизлар деб келгани йўқ!

Маҳалламизда ҳадемай ёшлар қолмаса деб қўрқаман. Мактабни тугатгандан маҳалламиздан узоқроққа кетишга ҳаракат қиладилар. Уларни тушуниш мумкин, улар ишлаш, ўсиш, ўз қобилият ва салоҳиятларини намоён этиш учун шароит бор жойга интиладилар. Бизда эса ёшларимиз учун ҳеч қандай шароит йўқ! Бизга энди ҳар нарсага чидаймиз, аммо ҳеч бўлмаса ёшларимиз учун шароитлар яратилса, уларнинг ҳолидан ёшуллилар хабар олса, деб ният қиламиз, — деди шу маҳаллада яшовчи Шукуржон опа.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг