Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Янги Тошкент» қаерда қурилади?

«Янги Тошкент» қаерда қурилади?

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент ҳокимияти шаҳар ҳудудини 18 минг гектарга кенгайтирмоқчи. Бундай режалар мавжудлигини 29 июнда Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шаҳар ҳокимининг ўринбосари Даврон Ҳидоятов тасдиқлаган. Бу ҳақда «Minbar.uz» хабар берди.

«Биз Тошкентга 18 минг гектар ерни қўшиб олишни режалаштираяпмиз. Ҳозир масаланинг ҳамма жиҳатлари ўрганилмоқда, ҳали бир тўхтамга келингани йўқ. Вилоят ҳудудининг бир қисмини шаҳарга қўшиб олиш осон иш эмас. Айни пайтда Тошкент ҳудуди 33 минг гектар. Энди тасаввур қилинг, қўшиб олинадиган ер шаҳарнинг ҳозирги ҳудудининг деярли 60 фоизига тенг бўлади», – деган Даврон Ҳидоятов.

Шартли равишда «янги Тошкент» деб аталаётган бу ҳудуд шаҳарнинг шарқида, Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғида бўлади. Яқинда Британиянинг Benoy архитектура компанияси ушбу ҳудуднинг бош плани концепциясини ишлаб чиққан эди.

Унинг айтишича, ҳозир бир нечта компания «янги Тошкент» бўйича ўз таклифларини тайёрламоқда, улар орасида британияликларникидан ташқари хитой компаниялари ҳам бор.

«Янги Тошкент»да бир нечта «тортиш марказлари» бўлади, шу жумладан янги маъмурий ва бизнес ҳудуд, орол ичида қуриладиган уйлар, савдо ҳудуди ва аэропорт бўлиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари бу ерда каналлар тармоғи, кўкаламзорлар, боғлар барпо этилиши кўзда тутилаётир. «Янги Тошкент»да жами икки миллионга яқин киши яшаши режалаштирилган.

Ҳидоятов шунингдек Тошкентнинг бош плани тайёр бўлиб қолганини билдирган. Бош план йил охиригача тақдим этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг