Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яккасаройда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда (фото, видео)

Аввал хабар берилганидек, 13 август куни энг улуғ ва энг азиз байрамга атаб Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Қушбеги ва Шайхонтоҳур туманидаги Ибн Сино мавзеларида 210 хонадонли 4 та тўққиз қаватли тураржой бинолари алоқа соҳаси ходимларига топширилган эди. Мазкур тантана сабабли ўтказилган маросимда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов АКТ вазирлигининг Яккасарой туманида ободонлаштириш, хайр-саховат ишларига камарбаста бўлаётганини алоҳида эътироф этди.

– Алоқачилар, хусусан, «ЎзМобайл» филиали туманимиздаги «Дамариқ» маҳалласида мақтагулик ишларни амалга оширди, – деди Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов. – Маҳалладаги уй ҳовлиларида янги болалар майдончаси ташкил этилди. Уйларнинг олд қисмида «Work out» кўринишдаги спорт майдончасининг қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу жумладан, 3 та болалар майдончаси таъмирланиб, 2 та янги болалар майдончаси барпо этилди. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғини биносида жойлашган Электрон кутубхонани жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда ва 150 дан зиёд электрон китоблар совға қилинди. Мана кўриб турибсизлар, туманимизнинг ушбу мавзеси обод ва кўркам масканга айланди.

Бизга маълум қилишларича, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги 8 та маҳаллада бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган экан. Ҳозирги кунга қадар вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан мазкур маҳаллалар ўрганилиб, аниқланган 433 та муаммодан 302 таси бартараф этилган. Шунингдек, вазирлик тизимидаги корхоналар томонидан «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» бўйича ўрганиш олиб борилмоқда. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар билан ташкил этилган суҳбатлар давомида ҳар бир бириктирилган ҳудудда муҳтож, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар рўйхати шакллантирилди. Ана шу дафтарларга киритилган жами 11 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланди.

Тумандаги ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Темир дафтар»га киритилган фуқароларнинг 13 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Ўта оғир шароитда яшаётган жами 151 нафар оилага озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

«Ўзбектелеком» компанияси Тошкент шаҳар филиали томонидан учта қурилиш таъмирлаш бригадаси ташкил этилди. Мазкур бригадалар томонидан 21 та маҳаллада алоқа кабеллари тартибга келирилди, шунингдек, 21 та янги симёғоч устунлари ўрнатилди, 70 м кабель канализация қурилиб, ҳаво алоқа линиялари ер остига олинди.

Еттита маҳалла ҳудудларида жойлашган почта алоқаси бўлимларининг янги замонавий кўринишга келтирилмоқда. Хусусан, бугунги кунда «Бошлиқ» маҳалласида жойлашган 22-почта алоқаси бўлимини мукаммал таъмирлаш ишлари тугатилиб, атрофи ободонлаштирилди. «Боғсарой» маҳалласидаги 31-почта алоқаси бўлими биносида эса таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

АКТ вазирлиги тизимидаги соҳа корхоналари томонидан ўтган вақт давомида тумандаги маҳаллаларда қуйидаги ишлари амалга оширилди:

- 119 тонна чиқиндилар олиб чиқилди, 1570 га яқин мевали ва манзарали ниҳол ва кўчатлар экилди, 1 954 дан ортиқ дарахтларга шакл берилди ва оқланди;

- кўп қаватли уйларнинг 15 таси том қисми, 11 та ертўла қисми, маҳаллалардаги 31 та болалар майдончаси (шундан 13 таси янгидан қурилди, 18 таси таъмирланди), 3 та футбол, волейбол, баскетбол, бадминтон ўйингоҳлари таъмирланди;

- 337 метр оптик толали алоқа кабеллари ва 750 метр ҳаво алоқа линияси тартибга келтирилди.

5 та муҳим ташаббуснинг учинчиси доирасида аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида Яккасарой туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Туман ҳокимлигида «Ҳудуд ахборот тизими» ҳамда «Корхоналарни рўйхатга олиш» ахборот тизимларини жорий этиш режалаштирилган.

Айни пайтда бу каби ишлар изчил давом эттирилмоқда. Эътиборлиси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги корхона, ташкилот ҳамда компаниялар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам ана шундай бунёдкорлик, хайр ва саховат ишларини олиб боришмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг