Хорижда ишлаётганларга пенсия қандай тайинланади?
Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш, пенсияни ҳисоблаш учун иш стажи ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган Низом билан тартибга солинади.
Низомга мувофиқ, чет элда ишловчи шахс бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ойи учун Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни ихтиёрий равишда тўлайди.
Пенсия жамғармаси хабарига кўра, чет элда бўлиш даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, паспортдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналарининг шахсни бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланади.
Чет элда ишловчи шахс пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов миқдорини мустақил равишда, бироқ йилига ягона ижтимоий тўлов тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдорининг тўрт ярим баробари миқдорда белгилаши мумкин. Чет элда ишловчи шахс томонидан бир йил учун тўланадиган ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори 2020 йил 1 декабрь ҳолатига 1 181 115 сўмни ташкил этади.
Ягона ижтимоий тўлов тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин:
- ҳар ойда ёки ҳар чоракда;
- бир йўла — Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида.
Ягона ижтимоий тўлов нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана ягона ижтимоий тўлов тўланган кун ҳисобланади. Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.
Миллий валютадаги ягона ижтимоий тўлов чет элда ишловчи шахс доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисоб рақамларига унинг томонидан мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади.
Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш хорижий валютада (бошқа давлат ҳудудидан) Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисоб рақамларига амалга оширилиши мумкин ва тўлов санасига Марказий банк томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб чиқилади.
Чет элда ишловчи шахс ягона ижтимоий тўлов тўлашни тўхтатиб турганда, пенсия тайинлаш учун олинадиган иш стажи ҳисоби ягона ижтимоий тўлов тўланган сўнгги санадан бошлаб тўхтатиб турилади.
Ягона ижтимоий тўлов миқдори унинг белгиланган миқдоридан кам бўлган тақдирда, пенсия тайинлаш учун олинадиган тегишли давр учун иш стажи зарур маблағларни қўшимча равишда киритиш шарти билан ҳисобга олинади.
Чет элда ишловчи шахс ягона ижтимоий тўлов ҳисоби унинг доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органида юритилади.
Чет элда ишловчи шахслар иш стажига улар фаолият юритган ва ягона ижтимоий тўлов тўлаган даврлари киритилади.
Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган аниқ бир ой (йил) учун чет элда ишловчи шахснинг даромади Пенсия жамғармасига тўланган ойлик (йиллик):
- 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - суғурта бадаллари суммасини суғурта бадалларини тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек, фермер хўжаликлари учун) ва фуқароларнинг суғурта бадалларининг умумий ставкасига;
- 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов суммасини ягона ижтимоий тўловни тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек, фермер хўжаликлари учун) ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter