Хориждан иш таклиф қилишганда нима қилмоқ керак?
Ижтимоий тармоқларда хорижга ишга жойлаштиришни таклиф қилаётган эълонларга тез-тез кўзимиз тушиб туради.
Кўпчилик бу эълонларга қай даражада ишониш мумкинлиги, улар таклиф қилаётган ишлар рост ёки ёлғонлиги ҳақида сўрашади.
Масалан, яқинда «Канадага 15 нафар ўзбекларни пицца ташувчи қилиб ишга жойлаштирамиз, фалон пиццерия билан шартномамиз бор» деган эълонларни сохталиги, уларга ишонмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантириб чиқишган эди.
Маслаҳатим шуки, бундай эълонларга кўзингиз тушса, энг биринчи қиладиган ишингиз – ишга жойлаштиришни таклиф қилаётган фирманинг лицензияси бор-йўқлигини текшириш бўлсин.
Бунинг учун Меҳнат вазирлигининг расмий веб-сайтидаги мана бу ҳаволага кирасиз:
Бу ерда хорижда ва Ўзбекистонда ишга жойлаштириш билан расман шуғулланадиган хусусий бандлик агентликларининг рўйхати берилган.
Эътибор бериш керакки, хорижда ишга жойлаштириш учун албатта лицензия олиш шарт ва рўйхатда ҳам сал пастроққа тушсангиз, лицензияси бор агентликлар алоҳида берилган. Чунки хорижда ишга жойлашнинг ўзига яраша талаблари бор, лицензия беришдан аввал вазирликдагилар ўша агентликни обдон текширади.
Демак, мабодо хорижда ишга жойлаш ҳақида эълон кўриб қолсангиз, юқоридаги ҳаволага киринг ва агентлик номини қидиринг. Агар лицензия берилганлар рўйхатида чиқмаса, уларга умуман ишонманг. Эртага алданиб қолишингиз мумкин.
Бу билан ҳозирда лицензия олган 52 та агентлик билан умуман муаммо чиқмайди, дея кафолат бермоқчи эмасман, лекин ҳар ҳолда бунинг эҳтимоли анча кам бўлади.
Хуллас, қонуний ишлаётган агентликларга ишонишни тавсия этаман.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter