Хоразмда яна электр муаммоси: навбат Янгибозорга келдими?
Яқинда Хоразм вилоятининг Урганч, Шовот ва Хонқа туманларида электр узатиш тармоқларида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Қиш эшик қоқиб улгурмай бундай муаммо кўндаланг бўлаётгани одамларни хавотирга солмай қўймайди, албатта.
Бу ёғига электрдан муаммо бўлмайди, деб озмунча ваъдалар берганмиди, ахир?! Нима дейсизки, энди бу туманлар қаторига Янгибозор ҳам қўшилди. Тумандаги Уйғур, Қаландардўрмон, Боғолон, Бошқирших, Чўболончи, Бўзқалъа, Оёқдўрмон қишлоқларидаги бир қатор маҳаллаларида электр узилишлари содир бўлмоқда.
Бу юзасидан ўтказилган суриштирувга «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» ҳиссадорлик жамияти масъулларидан қуйидагича жавоб олинди:
— «Навоий иссиқлик электр стансияси» да электр тармоқларида аварияли ҳолат юзага келган. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Миллий электр тармоқларига қарашли Тахиатош диспечерлик хизматининг диспечери Мақсед Тубекбоев томонидан энергия тизимда электр қуввати камлиги сабаб, 110 КВ Шарқий 2 линиясини ўчиришга топшириқ берилган. Шу сабабли юқоридаги ҳудудларда маълум муддат электр энергияси узатилишида чеклашлаш кузатилмоқда.
Демак, Навоийда юзага келган муаммо Хоразмда акс-садо бермоқда. Хўш, у қачон бартараф этилади?
Афсуски, бу саволга аниқ жавоб йўқ.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Тахиатош ГРЭСининг 110 КВ Шарқий-2 линияси Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлаб келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter