Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоразм вилояти адлия ва ФВБ бошлиқларининг жирканч ишлари ошкор қилинди

Хоразм вилояти адлия ва ФВБ бошлиқларининг жирканч ишлари ошкор қилинди

Ўзбекистон вилоятларининг биридаги оилавий болалар уйи раҳбари уч нафар вояга етмаган тарбияланувчисини 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиқлари билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани айтилмоқда.

Қайд этилишича, Хоразм вилоятида жойлашган Меҳрибонлик уйи мудираси ва икки идора бошлиқларига нисбатан қўзғатилган ишни кўриб чиққан суд мажлиси 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган.

«Немолчи.уз» лойиҳаси маълумотларига кўра, Меҳрибонлик уйи мудираси уч қизни танлаб олиб, 10 ой давомида (2021 йил майдан 2022 йил февралга қадар) «моддий манфаат учун уларни турли эркаклар билан жинсий алоқа қилиш учун мажбурлаган».

«Масалан, 2021 йилнинг майида мудира ҳали 16 ёшга тўлмаган Р.ни танишларидан бири билан ётишга мажбурлаган. Қиз буни истамасдан, қаршилик кўрсатган, шунда мудира ошхонадан ўқловни олиб келиб, қизнинг вояга етмаган укасини бошқалар кўз-ўнгида калтаклай бошлаган. Қизнинг иродасини синдирган аёл кейинчалик уни ўзи буюрган барча эркаклар билан ётишга мажбурлаган», — деб ёзади «Немолчи.уз».

Вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ўз ваколатидан фойдаланиб мудиранинг муаммоларини ҳал этишни ваъда қилган, 2021 йил апрелда унга хайрия мақсадида принтер совға қилган (у Адлия бошқармаси балансида бўлган ва ишда фойдаланилган, кейинроқ яроқсиз ҳолатда чиқарилган).

«Бу каби «хайрия»дан икки ҳафта ўтиб, эркак болалар уйи мудирасидан ўзининг жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз беришини сўраган. Шунда аёл 17 ёшли етим қиз — А.ни танлаган ва унга овқат бермай қўйган, бошқа болалардан ажратган, ташқарига чиқишини тақиқлаган, кейин бўлса, қизга вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи билан ётиши кераклигини, чунки у А.га 250 минг сўмга спорт оёқ кийимини олиб берганини айтган. Натижада эркак қиз билан ётган, жинсий алоқа учун эса Адлия бошқармаси ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган квартирадан фойдаланган», — дейилади лойиҳа материалида.

Икки ойдан кейин, 2021 йил июнда Адлия бошқармаси бошлиғи «мудирадан яна қиз талаб қилган ва ўша квартиранинг ўзида 15 ёшли А., кейинроқ 16 ёшли Д. билан бирга бўлган».

«Бу каби воқеалар қайта-қайта такрорланган… 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармасининг хизмат квартирасидан идора бошлиғининг вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқалари платформаси сифатида фойдаланилган», — дея таъкидланади материалда.

Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ҳам Меҳрибонлик уйи мудирасининг муаммоларини ҳал этишга ваъда берган. Май бошида у ҳомийлик ёрдами сифатида диван, шкаф, ошхона столи совға қилган болаларга турли ширинликлар тарқатган.

«2021 йил июнда эса ёрдами эвазига жинсий алоқа учун қиз талаб қилган ва юқоридаги 17 ёшли Р. билан Меҳрибонлик уйи ётоқхонасида ётган. Июнь охирида у болалар уйи мудирасига 200 минг сўм бериб, яна қиз билан ётган. Шундан кейин Меҳрибонлик уйига озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар олиб келиб, 15 ёшли А.ни жинсий алоқа қилишга мажбурлаган. Қизлар бир неча бор ушбу эркак билан жинсий алоқага мажбурланган, учрашувлар Меҳрибонлик уйларининг ўзида ва бошқа жойларда ташкиллаштирилган», — дейилади материалда.

Маълум қилишича, судда барча айбланувчилар «қизларни ҳеч ким мажбурламагани, улар ўз хоҳиши билан бу ишларни қилганини» айтган.

Сентябрь ойида биринчи инстанция Меҳрибонлик уйи мудирасини Жиноят кодексининг 135-(Одам савдоси), 167-(Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан айбли деб топиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарган.  

Адлия ва Фавқулдда вазиятлар бошқармалари бошлиқлари Жиноят кодексининг 128-моддалари (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан айбли деб топилган.

Улар 1 йил 6 ой муддатида озодликни чеклаш жазосига тортилган. Уларга соат 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш, яшаш жойини пробация органлари билан келишмаган ҳолда ўзгартириш ва ўзлари яшаётган вилоят ҳудудини тарк этиш тақиқланган.

2022 йил декабрь ойида апелляция суд инстанцияси тайинланган жазони ўзгартиришсиз қолдирган.

Ушбу ҳолат аён бўлгач, жамоатчилик фаоллари жинсий зўравонлик қилган шахсларга жуда енгил жазо берилганини таъкидлашмоқда. Қолаверса, бу ишнинг ортида бошқа амалдорлар ҳам тургани эҳтимоли борлиги айтилмоқда.

«Менда бор маълумотларга кўра, бу икки судланган «педофил» фақат пирамиданинг тепасидаги пиёдалар холос.

Хоразм вилоятида ҳудуд катта идораларининг бошлиқларидан иборат бутун бир педофиллар тармоғи мавжуд бўлган. Улар жазодан бутунлай қутулиб қолишган.

Менимча, айни пайтда қизларнинг ҳаёти хавф остида. Агар улар зудлик билан Тошкентга олиб кетилмаса, бугун қимматли гувоҳ сифатида ўлдирилишлари мумкин. Уларни сақланг», деб ёзади блогер Никита Макаренко.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг