Холдорали ака ўша куни эрта турганди — Сардобадаги бир оила тақдири
Холдорали ака ўша куни саҳарда мол-қўйини ўтлатиш учун далага чиққан эди. Ҳар кунлик одати. Аммо ўша кун ҳар кунгисидек ўтмади.
Соат тонгги бешлардан ўтганда ғалати товуш эшитилди — бир нарса гумбурладими, шитирладими, билиб бўлмади. Бўғиқ, ғалати шовқин.
Ҳаммаси тезда аниқ бўлди. Кўчага чиққан қўни-қўшниларнинг айтишича, Сардоба сув омбори ёрилган ва катта сув босиб келмоқда. «Мол-қўйларингизни бирор тепаликка ҳайданг, ҳозир ҳамма жойни сув босади».
Бунақа вақтда мол-дунё кўзга кўринармиди? Холдорали ака тезда уйига борди ва оиласини қутқариш ташвишига тушди. Ҳаммани машинага чиқариб, хавфсиз жойга жўнатгач, икки мол ва еттита қўйни ҳовлига киритиб, дарвозани боғлади. «Ўша пайтда ўзимдан ўтганини ўзи биламан. Ҳайвон бўлса ҳам ташлаб кетаётганим учун ичим эзилди. Гапимга тушунмаса ҳам айтдимки, агар тирик қолсангиз, қайтиб келиб, боқаман. Агар ўлиб кетсангиз, мендан хафа бўлманглар. Ҳозир қўлимдан ҳеч нарса келмайди, дедим. Шундан кейин таваккал қилиб кўчага чиқдим», — дейди Холдорали ака.
Шу билан Холдорали Соипов етти кун ўтгач уйига қайта олди. Ҳовлига кириб, кўзига ишонмади — ҳамма ёқ лой-балчиқ, деворлар қулаган. Аммо мол-қўйи тирик, дов-дарахт, токзорни еб, жон сақлабди.
Холдорали аканинг катта оиласи Янгиер шаҳридаги коллежда бир неча ой истиқомат қилди. Уларнинг саргардонлиги ўтган ҳафта якунига етди — Оқ олтин туманидаги Навбаҳор ҚФЙ ҳудудида янги кўпқаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Холдорали акага биринчи қаватдан уч хонали квартира беришди.
—Кўрган кунларимиз ортда қолгани рост бўлсин. Ҳозир ҳаммаси яхши, уйимизда шаҳар шароити бор, бола-чақа учун ўйингоҳ ҳам қуриб беришган. 40 миллион сўм ва холодилник-телевизор учун сертификат ҳам олдик. Ҳамма нарсамизни ростлаб олдик. Бу ердан аввалги ҳовлим ҳам анча яқин, ҳар куни эрталаб кетиб, экин-тикин, мол-ҳолга қараб келсам бўлади.
Ҳаммаси учун ҳукуматимизга минг раҳмат. Бунақа бўлиб кетади, деб ким ўйлаганди дейсиз. Айниқса саҳоватпеша юртдошларимизнинг ёрдамини кўриб. кўзимга ёш келди. Кийим-кечак дейсизми, озиқ-овқат дейсизми, етказиб туришди, — дейди Холдорали ака.
Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчиларнинг иш билан бандлиги бўйича ҳукумат бир қатор тадбирларга қўл урган. Хусусан, Оқ олтин туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган мавзенинг шундоқ ёнида 40 та иссиқхона тикланди. Баҳорга чиқиб яна 24 та қурилиши режалаштирилган. Ҳар бири 25 сотихли бу иссиқхоналарда цитрус мевалар етиштирилади. Эътиборли томони, бу ер шунчаки деҳқончилик учун ажратиб берилмайди, балки иссиқхона эгалари ўқув жараёнидан ўтказилади. Бунинг учун махсус ўқув-маркази бино қилинган.
Холдорали ака сув босишидан олдин тўй бошлаб қўйган эди. Икки ўғлини уйлантирган ака энди учинчи келинни туширишга ҳозирланиб турганди.
— Пешона экан, тўйни сал кечиктириб туришга тўғри келади энди. Ҳозир иккинчи фарзандимга уй қилиш ҳаракатидамиз. Ҳокимиятга раҳмат, ёрдам қиламиз, дейишди, — дейди Холдорали Соипов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter