Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқаро шарҳловчининг янги китоби чоп этилди

Халқаро шарҳловчининг янги китоби чоп этилди

Қўлимга яқинда босмадан чиққан, таниқли дипломат, моҳир журналист ва истеъдодли ёзувчи Аброр Ғуломовнинг «ДУНЁ: нималар бўляпти ўзи?» китоби тушди. «Renessans» нашриётида чоп этилган ушбу китобда муаллифнинг бир йилдан ортиқ вақт оралиғидаги (51 та) турли шарҳлари жамланган.

Китобдаги мақолалар сарлавҳалари ҳам ўқувчи диққатини ўзига жалб қилади: «Дипломатнинг «қаттиқ нони», «Сурия ва Туркия: «Яраш оши» томон...», «Сўнгги ҳамла! Ё чикка Ё пукка», «Шўр пешоналар», «Афғонистон осмонида қора булутлар».

Китобнинг қамрови кенг, мавзулари долзарб, муаллифнинг таҳлили чуқур ва пухта. Муаллиф кириш қисмида шундай ёзади: «ЎзАда бир йилдан сал ошриқроқ муддат фаолият олиб бордим ва ушбу китоб ана шу унутилмас даврлар ҳосиласи ўлароқ дунёга келди».

Муаллиф ахборот олиш имкони беҳисоб бўлган, эрта билан янгилик деб «жар» солинган хабар кечга бориб аҳамияти йўқолиб қолаётган шиддатли замонимизда ЎзАда сермаҳсул меҳнат қилди. Дунёнинг турфа воқеалари таҳлилига бағишланган «Жумадан жумагача» рукнидаги мақолалари сайт ўқувчилари орасида тез шуҳрат топди.

Одатда сиёсий матнлар бироз қуруқ ва совуқ, танқидчилар таъбири билан айтганда, «яланғоч» бўлади. «Жумадан жумагача»нинг муаллифи эса, биз кўниккан одатий матнларга янгича руҳ бағишлади. Муаллифнинг ёзиш усули, қочиримлари, ишоралари, жумлаларнинг содда ва айни пайтда ўта тагдорлиги ўқувчини ўзига тортиб туради.

Воқеалар сайёрамизнинг қайси бир бурчида содир бўлмасин, муаллиф сизни шу жойга беихтиёр етаклаб боради.

Шарҳловчи катта шов-шувларга сабаб бўлган воқеа-ҳодисаларнинг кенг халқ оммаси хабари бўлмаган, кўзга ташланмайдиган, лекин воқеанинг асл сабабларини очиб берадиган тафсилотлари билан таништиради, асосий эътиборни масаланинг моҳиятига қаратади.

Аброр ака ёзиш асносида дунё миқёсидаги ҳодисаларни жуда ҳам катта ахборот оқими ичидан нозик нуқталардаги маъноларни англаб олган ва ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир миллат ва юртда ўз тарих зарварақларига битилса арзигулик томонларини оммага тезкорлик билан етказа билган. 

Бу ўринда Аброр Ғуломовнинг халқаро муносабатлар соҳасида узоқ йиллари «суяги қотгани» ҳам катта таъсир кўрсатгани табиий. У анча йиллар «Жаҳон» ахборот агентлиги директори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби, мамлакатимизнинг Истанбулдаги Бош консули, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро алоқалар бўйича шўъбаси бошлиғи, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ахборот таҳририятининг Бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаганидан ўқувчилар яхши хабардор.

Муаллиф ижодини яқиндан кузатиб бораётган, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Л.Раҳматов унинг ижодига, жумладан, шундай баҳо беради: «Сўнгги йилларда халқаро мавзулар бўйича мукаммал сиёсий шарҳлар, қатъий журналистик позицияга бўлган баркамол мақолалар журналистикамиздаги энг оғриқли ҳодисага айланиб қолаяпти. Шу маънода, Аброр Ғуломов халқаро шарҳларида таҳлил кучининг аниқ фактлар ва воқеаларнинг ривожланиш истиқболларини қамраган уйғунлигини кузатиш мумкин. Ҳақиқий экспертнинг ёрқин хулосалари ва башоратлари силсиласи охир-оқибат башариятни доим тинчлик сари интилишга, ҳурфикр афгор омма ва сиёсатни шакллантирувчи кучларнинг умумманфаатларига хизмат қилишга чорлашдек олижаноб фазилатларга чақиради».

Сўнгги уч-тўрт йилда ёзувчи ўзига хос «катта сакраш»ни амалга ошириб, мамлакатшунослик, чин инсоний муносабатлар, давлатлараро ҳамкорликнинг муштарак тарихий илдизларидан сўзловчи, жаҳон айвонида миллий манфаатларимизнинг нозик қирраларини маҳорат билан очиб берган «Истанбул дафтари», «Эътиқодни афзал билиб...» каби бир-биридан қизиқарли асарларни яратдики, ўқувчилар учун бу ажойиб туҳфа бўлди.

Аброр Ғуломовнинг янги китоби сиёсий шарҳловчилар, айниқса, ёш таҳлилчилар ва таҳририятларда фаолият юритадиган журналистлар учун ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўташи шубҳасиз.

Мадина Зуфарова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг