Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишланган форум ўтказилди

Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишланган форум ўтказилди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бугун, 13 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан «9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни»га бағишланган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш ислоҳотлари: ютуқлар ва устувор вазифалар» мавзусида халқаро медиа-форум ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва ошкора бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш» лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа қатор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этишди.

Форумда иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш борасида жорий йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар берилди.

Тадбир давомида Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг  «Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва ошкора бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш» лойиҳаси доирасида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар, шунингдек БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини амалга оширишда Ўзбекистоннинг тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтилди.

Форум якунида иштирокчилар томонидан республикада коррупцияга қарши курашиш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги, бу борада халқаро ташкилотлар, давлат органлари ва фуқаролик жамиятлари институтлари ҳамкорлигини янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, тадбир давомида Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш мавзусида ўтказилган «Энг яхши иншо» ва «Энг яхши расм», шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан биргаликда фуқаролар йиғинлари ўртасида коррупцияга қарши кураш бўйича «Энг фаол фуқаролар йиғини» танловлари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг