Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вазирлик ва идораларнинг бошқармалари ҳали ҳам Нурафшонга кўчирилмаган

Вазирлик ва идораларнинг бошқармалари ҳали ҳам Нурафшонга кўчирилмаган

Фото: «ЎзА»

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилнинг январида Тошкент вилоятига амалга оширган ташрифи давомида вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва тижорат банкларининг вилоят бошқармалари ҳамда ташкилотларини Нурафшон шаҳрига кўчириш вазифаси қўйилган эди.

Орадан бир йилу уч ой вақт ўтганига қарамасдан вазирлик ва идораларнинг 20 га яқин бошқармаси Нурафшонга ҳали ҳам кўчирилмаган.

Олий Мажлис Сенати тўққизинчи ялпи мажлисида бу масалага эътибор қаратилиб, буни қандай изоҳлаш мумкин, деган савол ўртага ташланди, деб хабар бермоқда «ЎзА».

– Ўтказган ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, молия, солиқ, статистика, бандлик ва меҳнат муносабатлари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ветеринария назорати бошқармалари каби тузилмалар кўчирилмагани маълум бўлди, – деди Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев. – Бу вилоят ҳокимлиги учун кўплаб қийинчиликлар ва муаммоларни келтириб чиқармоқда. Мазкур тузилмалар бевосита масъул ва жавобгар бўлган соҳалардаги муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга сунъий тўсиқ бўлмоқда.

Тошкент вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам муаммолар мавжуд. Айни пайтда вилоятда қарийб 15 минг 800 иш ўрни бўш турибди.

Пойтахт билан туташ бўлган ҳудудда шунча иш ўрнининг бўш турганини мутасаддилар қандай изоҳлайди? Наҳотки, улар йиллар давомида иш излаб юрган одамларнинг овозини эшитмаётган бўлса?!

Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш, ичимлик суви таъминоти, автомобиль йўллари, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий соҳалардаги долзарб муаммолар кўламининг бошқа ҳудудларга қараганда пойтахт вилоятида ғоят кенглиги ҳам ташвишланарлидир.

Биргина мисол: вилоят аҳолисининг 60 фоизи чиқиндиларни тозалаш ва уларни олиб чиқиш бўйича хизматлардан бебаҳра қолмоқда.

Вилоятдаги ички автомобиль йўлларининг 65 фоизи, ичимлик суви тармоқларининг 63 фоизи таъмирталаб аҳволга келиб қолгани биринчи навбатда масъул вазирлик ва идоралар учун изоҳ талаб қилинадиган саволлардир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг