Вазир Меҳрибонлик уйи битирувчилари билан мономарказга борди
Бугун, 23 сентябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Юнусобод туманидаги 23-сонли меҳрибонлик уйи битирувчи синф тарбияланувчилари учун махсус пресс-тур ташкил этилди.
«Меҳрибонлик уйи 2014 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, унда 3-18 ёшдаги болалар тарбияланади. Бугунги кунда 142 тарбияланувчимиз бор. Шулардан 23 нафари битирувчилардир. Уларга меҳрибонлик уйи томонидан тўлиқ таъминот мавжуд, ўқишлари ҳамма болалар сингари одатий мактабларда. Қўшимча тўгараклар яратилган. Жорий йилда 22 нафар битирувчимиздан 5 нафари талабаликка қабул қилинган. Қолган 17 нафари билан қўшимча дарслар олиб борилмоқда. Барча битирувчиларимизга куни кеча Миллий гвардия томонидан бир хоналик уйлар тақдим қилинди», — дейди 23-сонли меҳрибонлик уйи раҳбарининг биринчи ўринбосари Тоҳир Собиров.
Ўзига хос экскурсия Технопаркдан бошланди. Ёшларга ишлаб чиқариш жараёни ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
«Меҳрибонлик уйида бизга барча имкониятлар яратилган. Беш маҳал иссиқ овқат, ўқишимиз ва дарс қилишимиз учун барча шароитлар мавжуд. Байрам тадбирларда сайрларга олиб чиқишади. Уч ой ёзги таътилни оромгоҳда ўтказдик. Мен учун ҳам бугунги ташриф жуда қизиқ, албатта, бу келажакда касб танлашимда муҳим деб ўйлайман», — дея таъкидлайди Меҳрибонлик уйи битирувчиси Робия Жўраева.
Кейинги ташриф Яшнобод туманидаги мономарказ томон бўлди. Бу ерда яратилган имкониятлар, бандликка кўмаклашиш ва аҳолининг даромадга эга қатламини кўпайтириш мақсадида ташкил этилган ўқув курслари ҳақида батафсил маълум қилинди.
Ушбу вазифани Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ўз зиммасига олди. Вазир битирувчилар билан қадамба-қадам ўқув хоналарига кириб, керакли касбни танлаш, ўз қизиқишлари билан муштарак бўлган касбларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Уларга ҳозирда 18 та корхоналарда мавжуд 1200 дан ортиқ бўш иш ўринлари ҳақида маълум қилинди.
«Сизлар мамлакатимиз келажагисизлар. Ҳамманинг ўз қизиқиши бор. Келажакда маълум бир касбни ўрганишларингиз, оила боқишингиз керак. Ушбу марказ сизлар учун доим очиқ. Ўқув жараёнларини ўз кўзларингиз билан кўринг, танишинг, қизиқишингиз бўйича бизга мурожаат қилинг. Майли, биз сизга бугун жавобини айт, демаймиз. Сизлар битирувчи синфсизлар, камида бир йил муддат бор. Қизиққан касбингиз бўйича ташриф буюринг, ҳаммаси текин. Уч ойлик ўқув курси давомида сизга сертификат тақдим қиламиз. Юқори ойлик маош асосида ишлаш имкониятига эга бўласиз. Ҳозирда республикамиз бўйича бунақа марказлар жуда кўп ташкил этилган. Кўпчилик негадир ҳамон хабарсиз. Биз ўқув курсларини тугатган ёшларни чет элга ишлаш учун ҳам юбораяпмиз. Аҳоли маълум касбни эгаллаб, оиласи таъминотини яхшилай олса, биз ҳам хурсанд бўламиз», — дея ёшларга мурожаат қилди вазир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter