Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ватан танланмайди, ота-она ҳам...

Ватан танланмайди, ота-она ҳам...

Фото:«ЎзА»

Нафъинг агар халққа бешак дурур,

Билки, бу нафъ ўзингга кўпрак дурур.

Навоий

Пурмаъно ҳикматларимиз кўп. Мана, биттаси: боланинг бегонаси бўлмайди. Айни ҳикмат шу кунларда такрор-такрор тилга олинаётган бўлса, не ажаб?! Чунки, кеча яна бир унутилмас тарихий воқеа гувоҳига айландик: бегона юртларда ота-онасидан жудо бўлиб, абгору ночор ҳолдаги 64 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди.

Бундай нозик ва мураккаб вазифани амалга ошириш ҳазилакам иш эмас. Мурғак қалблар дунёнинг оғриқли нутасига айланган Ироқ давлатидан олиб келингани эса қўйилган вазифа хатардан холи бўлмаганини ҳам кўрсатади.

Бу мамлакат раҳбаридан қанчалар жасорат ва сиёсий ирода талаб этганини тасаввур қиляпсизми?

Болаларнинг бахтиқаро оталари ўзга юртда катта эҳтимол билан кафансиз кўмилгани, оналари эса тутқунликда нечоғили аҳволда эканини хаёлга келтиришнинг ўзи оғриқли. Булар энди алоҳида мавзу.

Бироқ болажонларда нима айб?

Инсоният қисматига битилган ёзуқ шуки, унда қачон, қаерда туғилиш ёки  ота-онани танлаш ҳуқуқи йўқ. Бироқ  ёруғ дунёга келган ҳар бир болада бахтли бўлиш ҳуқуқи мавжуд. Бунинг учун ўзини ҳурмат қилган ҳар бир давлат зиммасига керакли мажбурият олади ва бажаради ҳам.

Гап ўз-ўзидан масаланинг ҳуқуқий томонига бориб тақалаётир. Шу йўсинда сўзимизни давом эттирсак, Конституциямизнинг 22-моддаси ёдга олишга тўғри келади. Унга кўра :«Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди». Демак, Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, махсус ишчи гуруҳ томонидан Ироқ давлатидан қаровсиз қолган 64 нафар боланинг ватанимизга қайтарилганлиги ана шу конституцион қоидага риоя этилишининг амалдаги кўринишидир.

Ушбу тадбир ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тақдирига нисбатан давлатимиз томонидан ўз вақтида намоён этилган катта ғамхўрлик ҳам инсонпарварликнинг олий кўриниши десак,  айни ҳақиқат айтилган бўлади.

Болалар Ўзбекистон заминига қўниши ҳамоно соғломлаштириш муассасаларига жойлаштирилиб, керакли тиббий-психологик, ижтимоий ёрдамлар кўрсатилаётгани, шу жараёнда ҳужжатларини расмийлаштириб, боғча, мактабга жойлаштириш, ҳомийлар ва васийларга бириктириш чоралари кўрилаётгани ҳам конституцион нормага сўзсиз риоя этилаётганини кўрсатади. Зеро, Асосий қонунимизнинг 64-моддасига кўра, давлат ва жамият  етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди. Болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради...

Шунингдек,  айни амалиёт дунёга Ўзбекистон  инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормаларига, хусусан,  БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Халқаро конвенция талабларига сўзда эмас, амалда қанчалик риоя этаётганини ҳам яққол кўрсатди.

Холмўмин Ёдгоров,
Олий суд раиси ўринбосари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг