«Вақф». «Малибу можароси»га ойдинлик киритилдими?
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди раиси учун қимматбаҳо «Малибу-2» хизмат машинаси харид қилиниши билан боғлиқ шов-шувлар кечадан буён тингани йўқ. Масалага изоҳ бериши лозим бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси (ЎМИ) сукутни раво кўрди, фонд раҳбари биринчи ўринбосарининг вазиятга ойдинлик киритишга қилган ҳаракати эса навбатдаги муҳокамаларга сабаб бўлди, холос. Яъники, айтилишича, фонд учун «Малибу-2» сотиб олингани рост, илло улов хайр-эҳсон пулларига эмас, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ажратган маблағ ҳисобига харид қилинган.
Хўп, тушунарли. Бироқ савол туғилади: Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг ўзи қандай молиявий манбалар ҳисобига фаолият юритади? Диний идора тижорат ёки давлат органи эмас. Аксинча, нодавлат нотижорат жамоат ташкилоти ҳисобланади. Бу тоифадаги ташкилотлар ҳомийлик ва хайрия ҳисобига кун кўриши маълум. Бундан англашиладики, айлансак ҳам, ўргилсак ҳам «Малибу-2»нинг молиявий манбаси саховатпешаларнинг мурувватига бориб тақалаверади.
Майли, ЎМИ раҳбарияти фонд раисининг қимматбаҳо машинада юришини маъқул ва мақбул деб билибди, бунга қонун ҳам изн берар-а балки? Аммо арзонроқ машина олишга шароит ва имконият бўлатуриб, нақ «Малибу-2»га юзлаб миллион сўм сарфлаш қанчалар мақсадга мувофиқ?
Бу исрофга кирадими ёки риёга — бу энди катта савол!
Дин ходимлари камтарлиг-у камсуқумликда бошқаларга ўрнак бўлиб келганлар. Шундай бўляпти ҳам. Бироқ «Малибу-2»га боғлиқ шов-шувлар уларнинг мавқеига соя солиши билан бир қаторда, айримларда муқаддас динимиз ҳақида нотўғри тасаввур шаклланиши эҳтимолини ҳам юзага келтиради.
Масаланинг энг оғриқли нуқтаси шунда!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter