Ваъдага вафо: қидирувдаги икки фуқаро оиласига қайтди
Яқинда Самарқанд вилоят ҳокимиятида катта йиғилиш бўлгани, унда вилоят ҳокими, вилоят суди раиси, вилоят прокурори, вилоят ДХХ раиси, вилоят ИИБ бошлиғи адашган, қидирувда бўлган юртдошларимизни ватанга, ота-оналари, фарзандлари бағрига қайтишга даъват қилган, вилоят ҳокими Туроб Жўраев «Уларга айтинг, қайтишсин, вилоят ҳокими сифатида ваъда бераман, ҳеч бирини қамамаймиз. Президентимизнинг топшириғи бу. Уларни тўғри йўлга соламиз, иш билан таъминлаймиз, уйи бўлмаса, бу борада ҳам ёрдам берамиз» деганини хабар қилган эдик.
Ваъдага вафо қилинди.
Ўша йиғилишда 64 ёшли она, ургутлик Муҳайё Ҳодиева бир эмас, уч ўғли четда юрганини, уларнинг ёш болалари борлигини айтиб, фарзандларини қайтариш борасида ёрдам сўраганди.
Мана, фарзандлари йўлига илҳақ бўлган онанинг яна бағри тўлди. Бир неча йиллардан буён қидирувда бўлган ака-ука Аслиддин ва Хуршид Эргашевлар ўз ихтиёри билан юртимизга қайтгани учун уларга нисбатан қамоқ чораси қўлланмади.
– Невараларим ҳам оталари меҳрига зор эди, – дейди Муҳайё Ҳодиева. – Ўғилларим меҳнаткаш. Энди улар бу ишончни ҳалол меҳнати, ватанга садоқати билан оқлашига мен кафилман. Бизга шундай имкониятни берган президентимизга минг раҳмат!
Адашганлар кеч бўлса-да, нон-туз берган заминга, яқинларига хиёнат қилиш гуноҳ эканлигини тушуниб етди. Берилган имкондан фойдаланиш уларнинг ҳаётдаги энг тўғри танлови бўлди. Бу эса юртимизда инсонпарварлик тамойили амалда эканлигини, бу ватан бош эгиб келган фарзандининг кўкрагидан итармай, тўғри йўл кўрсатиб, бағрига олишини яна бир бор намоён этди.
Кеча вилоят ҳокимиятида яна катта йиғилиш бўлди. Яна вилоят раҳбари, вилоят прокурори, вилоят ДХХ раҳбари, суд раиси, ИИБ бошлиғи ва бошқа раҳбарлар сўзга чиқиб, яна бир марта четда юрган ватандошларимизни юртга даъват қилишди.
− Яна бир бор айтаман, четда юрган яқинларингизга айтинг, қайтишсин! – деди вилоят ҳокими Туроб Жўраев. – Биттасининг бошидан бир тола сочи тушмайди. Барча ёрдамни берамиз. Мана, икки йигитимиз қайтди, яна етти йигит мурожаат қилди. Уларни ҳам соғ-саломат ота-оналари бағрига топширамиз.
− Халқаро қидирувда бўлганларни қайси давлатда бўлса ҳам ушлаб, қамашади, уларнинг ота-онаси бизга мурожаат қилишсин, биз улар турган давлат раҳбарлари билан музокара олиб бориб, уларни ўзимиз ватанимизга қайтариб келамиз, − деди вилоят ИИБ бошлиғи Азиз Тошпўлатов. – Бундай кишилар олдин қамаларди, аммо энди ҳаммаси бошқача бўлди. Мен кафилман, уларнинг бирортаси қамалмайди.
Вилоят прокурори бу ваъдалар, кафилликлар қуруқ сўз эмаслигини, уларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг қайси моддалари қўлланиб афв этилишини, амнистия қўллаб, қамоқ жазосидан озод қилинишини асослаб берди.
− Ҳатто Суриядаги урушда қатнашганларга ҳам ёрдам берамиз, улар ҳам бизнинг фарзандларимиз, − деди Азиз Тошпўлатов.
Йиғилишда қатнашган «Адолат» социал-демократик партияси раҳбари Наримон Умаров ҳам сўз олди:
− Фарзандлари четда юрган ота-оналар, бизга ҳам мурожаат қилинг, биз ҳам албатта ёрдам берамиз. Мана, Ургутнинг икки фарзанди ота-онаси бағрига қайтибди, айтинг, бошқалар ҳам қайтсин!
Йиғилишда фарзандлари қидирувда бўлган ота-оналар сўзга чиқишди.
Ватанга қайтган йигитлар сўз сўрашди.
– Тўғри йўлдан адашиб, анча вақтни ватанимиз, оиламиз бағридан йироқда ўтказдик, – дейди Аслиддин Эргашев. – Бизга имкон берилганидан мамнунмиз. Бундан тўғри хулоса чиқариб, ҳалол меҳнат қилиб, оиламиз бағрида ҳаёт кечирамиз. Бунинг учун президентимиздан, бизнинг қайтишимизга кўмак берган инсонлардан миннатдормиз.
«Хаbаr.uz»ни ўқиётган, четда юрган ватандошлар! Қайтинг, сизни ватан, ота-онангиз, фарзандларингиз, яқинларингиз кутмоқда.
Ўзбекистон президенти сизларни болам, укам, синглим, жигарим деб бағрини очиб, юртга чорламоқда.
Қайтинг!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter