Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Узоқ умр кўришнинг япон тажрибаси

Узоқ умр кўришнинг япон тажрибаси

Фото: «Shutterstock.com»

105 ёшли шифокорнинг фикри: узоқ яшаш учун кўп еб, кам ухлаш керак.

Узоқ умр кўрувчилар

Япония аҳолиси узоқ умр кўриш бўйича дунёда энг олдинги ўринда турар экан. Японияда 100 ёшдан ошганлар йигирма мингдан ошди. 40 йил илгари эса узоқ умр кўрувчилар сони бармоқ билан санарли эди холос, деб хабар беради «Аргументы и факты» нашри.

2017 йил 18 июлда 105 ёшли шифокор Сиэаки Хинохара вафот этди. У умрининг охирги кунигача шифохонада кўрикка келган мижозларни қабул қилган. Шифокордан ўлимидан беш ой олдин ёзилган шахсий ёндафтар қолди. У шифокор сифатида ўқиб-ўрганганлари эвазига узоқ яшаш сирларини баён қилган. Қуйида унинг «Узоқ яшаш, яхши яшаш» китобидан олинган маслаҳатларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Хурсандчилик қил»

Япон шифокори барчани шодон яшашга ундаган. Хурсандчилик ҳиссини туйиш тўйиб овқатланишдан ҳам, тўйиб ухлашдан ҳам, ҳатто дори-дармондан ҳам аълороқ. Ёшликни эсланг: ёшлигимизда бирон нимадан хурсанд бўлганимизда овқат ейишни ҳам унутардик, ухлашни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Улғайгач ҳам бу инстинктлар сақланиб қолади.

«Ўртача овқатлан»

Ҳеч семиз японларга кўзингиз тушганми? Ҳа дейсизми? Тўғри, сумо курашида учратгансиз. Аммо улар семириш учун махсус овқатланишади. Аммо одатда японлар, айниқса, император оиласи вакиллари кам тановул қилишади: бир финжон қаҳва ва бир стакан апельсин шарбати билан қаноатланишади. Тушликда енгилгина тановул қиладилар. Шифокорнинг фикрича, кечқурун сабзавотлар, гуруч ёки балиқли таомлар ейиш керак. Гўштни эса ҳафтада икки марта 100 граммдан истеъмол қилишни тавсия этади.

«Режа тузиш»

Ўтмишдагиларни унутиш муҳим. Ҳамма вақт фақат олдинга интилиш зарур. Режаларни кўпинча ёзиб қўйиш керак, кейин эса такрор-такрор ўқиб туриш керак. Орзу қилинг. Қанча кўп орзу қилсангиз, унга эришиш осон бўлади.

«Мулоқот қил ва бўлишишни билиш»

Сигэаки Хинохара умрининг сўнгги даврида ҳам бир йилда 150 дан ортиқ маъруза ўқиб турган. Уларнинг ҳар бири 1,5 соатдан кам бўлмаган. Унинг фикрича, тингловчиларнинг энергияси ҳам унга қувват бағишлаган. Ёлғиз қолмасдан, атрофдан яхши суҳбатдош топишга ҳаракат қилинг, улар билан тажриба алмашинг. Шифокор ҳатто 105 ёшини яқинлари даврасида экзотик оролда нишонлаган.

«Ёшингиз ҳақида унутманг»

Фаол ҳаёт кечириш ёшларнинг одатларини такрорлаш дегани эмас. Масалан, 80 ёшда брейк-данс рақсига тушиш бемаънилик. Ёшингизга яраша қилиқлар қилмас экансиз, ўзингизни ҳам, яқинларингизни ҳам ташвиш ва уятга қўясиз.

«Ўзингга ишон — шифокорларга эмас»

Албатта, шифокорларнинг айтганини қилиш керак. Аммо Сигэаки Хинохаранинг ўзи ҳам йилда бир марта кўрикдан ўтиб, шифокор тавсиясига эҳтиёткорлик билан амал қилган. Шифокор сизга бирон дорини ёки операцияни тавсия қилган бўлса, ундан албатта бир нарсани сўрашни унутманг! Яъни, сиз ушбу дори ёки операцияни фарзандларингиз, аёлингиз ёки бошқа қариндошларингизга ҳам тавсия қилган бўлармидингиз? Шифокордан мўъжиза кутманг. Унга ишониб қолманг. Баъзан табиат билан мулоқот ёки биронта жониворни сайр қилдириш кўпроқ самара беришини унутманг.

«Ўзингни аяма!»

Дам олиш керак. Аммо жуда мароқли дам олиш керак. Диванда ётиб олиб телевизор кўриш ўзингизга чоҳ қазиш билан баробар. Спорт масканларида ҳам вақт ўтказиш шарт эмас. Велосипед ҳайдаш, кўпроқ юриш ва сузишнинг ўзи кифоя. Хинохаранинг ўзи ҳеч қачон лифтда кўтарилмаган, балки бирданига иккинчи зинага, кейин тўртинчи зинага қадам ташлашга одатланган.

«Мутолаа»

Китоблардан ҳикмат олиш зарур. Унинг шиори бор эди: «Ўз олдингга катта мақсад қўя билишинг керак. Агар сен доира чизмоқчи бўлсанг, у шундайин катта бўлиши керакки, уни чизиш учун умринг етмасин».

«Доим яхшиларга интил»

Шифокорнинг бош қаҳрамони унинг отаси бўлган. Кейинчалик эса бошқа шахсларга ҳавас қилган. У доим қийинчиликка тушганда ана ўша шахслар қандай йўл тутган бўлишарди деб ўйларди.

«Оғриқни унут»

Япон шифокорининг фикрича, шифохона тартиб-таомилларидан ташқари, беморлар терепиясида асосан мусиқа, театр ҳамда жониворлар муҳим. Оғриқни унутиш учун бемор албатта чалғиши зарур.

«Ҳақиқий бахтни кашф эт»

Моддият ортидан қувиш натижасида инсонлар ўз соғлиғидан, вақтидан айрилади. Ҳаммасидан муҳими шуки, муҳаббат, ғамхўрлик, раҳм-шафқат туйғусини унутмаслик зарур. Хинохара бу борада бир доно инсоннинг фикрини келтиради: «Ҳеч ким қачон сўнгги куни келишини билмайди. Мол-дунёни ортмоқлаб кетишнинг ҳам ҳеч иложи йўқ».

«Ўзингни камситма»

Хинохара асир тушиб, узоқ вақт тутқунликда яшади. Унинг бошига не кунларни солишмади дейсиз. Аммо у тирик қолди. Бунга унинг кучлилиги сабаб бўлди. Энг муҳими бажараётган ишингни мароқ ва қувонч билан бажаришдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг