Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Уни ҳамма ёмон кўради: Трамп, Путин, Си Цзиньпин...

Уни ҳамма ёмон кўради: Трамп, Путин, Си Цзиньпин...

17 ёшли қизалоқ ва унинг кампанияси халқаро геосиёсатчилар, катта-катта корхоналар раҳбарлари томонидан танқид қилинган, ёмон кўриб қолинган. Бу швед қизалоғи нима «айб» қилганки, уни Австралия Бош вазири Скот Моррисон, Германия канцлери Ангела Меркел, Россия президенти Владимир Путин, АҚШ президенти Дональд Трамп, Франция президенти Эммануел Макрон, Италия Бош вазири Жузеппе Конте,  ОПЕК ва баъзи ОАВ шарҳловчилари ёмон кўришади ва доимий танқид қилишади. Грета Тунберг исмли бу швед қизига шахсий ҳужумлардан тортиб, мураккаб даъволаргача бор.

Бу қиз ким ўзи?

Машҳурлик ҳаммага ҳар хил даврда келади. Кимлардир йиллар давомида тўплаган обрўси уни шуҳрат тахтига етакласа, кимларнидир ёшлигидан халқаро ҳамжамият назарига тушади. Грета ёшлигиданоқ эътибор марказига тушган қиз.

Грета Тинтин Элеонора Эрнман Тунберг 2003 йил 3 январда туғилган. Шведларнинг иқлим ўзгариши бўйича экологик фаоли. Гретанинг иқлим ўзгаришларига қарши қаратилган кампанияси халқаро миқёсда тан олинган. Унинг очиқчасига сиёсий раҳбарлар, иқлимга салбий таъсир ўтказаётган корхона ва фабрикалар эгаларини аёвсиз танқид қилиши уни таниқли инсонга айлантириб қўйди. Танқид остида қолганлар ҳам бу фикрларни инобатга олиб, ҳеч бўлмаганда битта «ширин» сўзи билан сийлаб қўйди.  Сўз эркинлиги ўта эркин Швециядаги йиғилишларда иқлим инқирози деб таърифлаган муаммоларни ҳал этиш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилади. Хуллас, 16 ёшида бутун жамиятнинг «оғриқли нуқтасидан» ушлаб қўйди.

Грета биринчи марта 2018 йил август ойида ўзининг фаоллиги билан танилган. 15 ёшида Швеция парламенти биноси олдида  «Мактабнинг иқлим учун иш ташлаши» ёзуви билан глобал исиш бўйича норозилик ҳаракатини уюштирди. Кўп ўтмай, бошқа талабалар худди шундай норозиликларни ўз жамоаларида ўтказишди. Биргаликда улар «Келажак учун жума» номли мактабда иқлим акциясини ўтказдилар.

Тунберг 2018 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида нутқ сўзлашга сазовор бўлди. У соғлом ҳаёт тарзини танлашга, шу жумладан, ҳаво қатновидан воз кечиш ва гўшт емасликка қарор қилди.

Унинг тўсатдан бундай шон-шарафига эга бўлиши халқаро етакчилар нишонига айлантирди.  2019 йил май ойида Тунберг «Тиме» журналининг муқовасидан ўрин олди. Таҳлилчилар уни  «кейинги авлод лидери» деб атади. Баъзи оммавий ахборот воситалари унинг жаҳон саҳнасидаги таъсирини «Грета Тунберг эффекти» деб таърифлашган. Бу қиз 16 ёшида шундай машҳурликка эга бўлди.

«Лидерлар» Гретага нега Нобел бермади(ми?)

Тунберг кўплаб мукофот ва мукофотларга сазовор бўлган, шу жумладан, Шотландия Қироллик Географик Жамияти, «Тиме» журнали томонидан 2019 йилнинг энг таъсирли 100 кишидан бири, деб тан олинган. Тунберг 2019 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзод қилиб кўрсатилган, оқибатда эса Эфиопия Бош вазири Абий Аҳмад Али тақдирланган. Хуллас, «халқаро лидерлар» «Нобел» мукофотини ёш қизалоққа беришни истамади.

Дуэл: Грета ва бошқалар

Ҳаммасини қизалоқнинг ўзи бошлади. Грета БМТ саммитида Дональд Трампни экотизимни ҳимоя қилмаётганликда айблагач, АҚШ раҳбари Грета Тунбергни ўз «Твиттер»даги саҳифаси орқали мазах қилди. У шундай ёзди: «У жуда бахтли ёш қизга ўхшайди. У порлоқ ва ажойиб келажакни кутмоқда. Кўринишидан жуда ёқимли!». Грета ҳам жим ўтирмади. Дарҳол, ўз «Твиттер» саҳифасида «Порлоқ ва ажойиб келажак кутаётган бахтли ёш қиз» деб ёзиб қўйди.  2019 йил сентябр ойида Дональд Трамп Тунбергнинг жаҳл билан дунё раҳбарларига мурожаат қилган видеоси билан ўртоқлашди, шунингдек, «одамлар ўлаяпти, бутун экотизим бузилмоқда. Биз оммавий қирилиб кетиш йўлидан бормоқдамиз» деган сўзларини мазах билан келтирди.

2019 йил июл ойида ОПЕК (Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти) бош котиби Муҳаммад Баркиндо «иқлим ўзгариши тарафдорлари томонидан нефт саноатига қилинган ҳужумлар»дан шикоят қилиб, уларни «эҳтимолий энг катта хавф» деб атади. Бу Грета Тунбергга қарата отилган тош эди.

Тунбергнинг «Париж келишуви» шартларини бажармаганликлари учун Франция, Германия ва бошқа мамлакатларни судга берганидан сўнг, Эммануел Макрон шундай деди: «Бундай радикал позициялар (Тунберг томонидан ушлаб турилган позиция) бизнинг жамиятларимизга зид келади. У тўсқинлик қиладиган нарсаларга кенгроқ эътибор қаратиши керак...». Франциянинг Экологик ва инклюзив ишлари бўйича давлат котиби Бруне Поирсон ҳам уни танқид қилиб,  «У қандай ечимларни таклиф қилаётганини ўзи ҳам билмайди», деб таъкидлади.

Тунбергнинг иқлим ўзгаришига тўғридан-тўғри ёндашиши Ғарб демократик мамлакатларда қарорлар қабул қилишдаги мураккабликлар билан тўқнашишига олиб келади.

2019 йил октябрь ойида Владимир Путин Тунбергни «жуда меҳрибон ва самимий қиз» деб таърифлаб, халқаро ҳамжамият манфаатларига хизмат қилишга чақирди. Путин Гретани «кам маълумотга эга» дея танқид қилди: «Ҳеч ким Гретага замонавий дунё мураккаблигини, Африкаданинг ёки Осиёнинг аксарият мамлакатларидаги одамлар Швециядаги каби маблағга эга эмаслигини тушунтирмаган».

2019 йил декабр ойида Грета твитида Бразилиядаги содир бўлаётган воқеаларга муносабат билдириб шундай деди: «Туб халқлар ўрмонларни  ҳимоя қилишга уринганлари учун том маънода ўлдирилмоқда. Қайта-қайта. Дунё сукут сақламоқда. Уят». Бразилия президенти Болсонаро 16 ёшли швед қизининг гапларига жавобан шундай деди: «Грета ҳиндулар Амазонни ҳимоя қилгани учун вафот этганини айтди. Бу қанчалик «брат» (бемаънилик). Матбуот бу каби беъманиликларга жой бераётгани жуда ачинарли».

Тунберг зудлик билан Твиттердаги саҳифасида «брат» сўзини «пирралҳа» сўзига (португалча бемалол) ўзгартириб ёзиб қўйди.

Грета ҳаммани огоҳлантирди: «Табиат сизларни жазолайди». Балки коронавирус табиатга ўтказган зуғумларимиз маҳсулидир...

Гретанинг орзуси «корона»ми?

COVID-19 пандемияси мисли кўрилмаган даражада иқтисодий зарарлар олиб келди. Завод фабрикалар ёпилди, йирик саноат давлатлари миллиардлаб зарар кўрмоқда. Энг қизиғи шундаки, Грета экотизимни ифлослаётганида айблаган давлатлар айнан вирусни деб катта зарар кўрмоқда: Хитой, АҚШ, Франция... Ажабланарли томони  NASA фазодан олган расмларида вирус тарқалган ҳудудларнинг осмони мусаффолашаётгани аён бўлди. Пандемиядан инсоният катта зарар кўрди, бироқ табиат... Балки халқимиз шунга айтгандир: «Кимга аза, кимга тўй».

«Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнар» экан. Бу коронавирус дегани фақат тиббиётнинг илғор тизимларига эга давлатларни «бош чангалса ҳам, майли эди» соғлиқни сақлаш тизимлари заиф бўлган давлатларнинг ҳам оёғидан «тишлаяпти». Инсоният илк бора бундай пандемиялар билан юзлашгани йўқ. Кўп-кўп ўзи куйган... Испанка, Эбола, коронавирус...

Барча эпидемиялардан табиат соғломлашиб чиққан.

Хитой экология ва атроф-муҳит вазирлигининг маълумотларига кўра, феврал ойида «баҳаво кунлари»нинг ўртача сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,5 фоизга ошган. Ҳа, хитойликлар ҳам «мусаффо осмон остида» яшашни ўрганишяпти!

NASA ва Европа космик агентлиги томонидан чиқарилган сунъий йўлдош Чин диёри фазосидан олган расмлари январь-февраль ойлари орасида Хитойнинг йирик шаҳарларида азот диоксиди чиқиндиларининг - транспорт воситалари, электр станциялари ва саноат объектлари томонидан кескин камайганлигини намойиш этди. Саноат электр станцияларидан чиқадиган заҳарли газлардан иборат булутлар деярли йўқ бўлиб кетди.

3 февралдан 1 мартгача CO2 чиқиндилари камида 25 фоизга камайди, дея хабар беради Атроф-муҳитни ифлосланишига қарши тадқиқот маркази Энергетика ва тоза ҳаво бўйича тадқиқотлар маркази (CPEA).

Дунёдаги энг катта ифлослантирувчи давлат бўлган Хитой ҳар йили дунёдаги CO2 чиқиндиларининг 30 фоизини чиқаради. Катта эҳтимол билан Хитой Гретанинг энг хавфли душмани эди. Иккинчи раунд Гретанинг фойдасига ишлади, десак адашмаймиз.

Хитой атмосфераси. Фото: The Guardian.

Баъзида ўйлаб қоласан: тождор вирус «Гретанинг орзуси»ми?

17 ёшида дунё етакчиларининг аксариятининг жиғига тегиб улгурган қизалоқ кундан-кунга ўз позициясини мустаҳкамламоқда. Шундай қилиб уни ҳамма ёмон кўриб қолди: Трамп, Путин, хитойлик Си Цзиньпин...

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг