Учтургонда бир мактаб бор экан...(видео)

Мактаб ва ўқувчилар ҳаёти ҳақида айни таътил пайтида қандай мақола ёзиш мумкин, деб ўйлаётгандирсиз. Шундай мактаб директорлари борки, таътилда ҳам мактабига бир бориб келмаса кўнгли жойига тушмайди.
Биз йўл-йўлакай Жиззахнинг Янгиобод туманида шундай директор ҳақида эшитиб мактаб томон йўл олдик. Кутилмаган учрашувдан директор шошиб қолди. «Айни таътил пайтида мактаб ҳақида чиройли материал чиқармикан», деган ўй нафақат бизнинг, балки директорнинг ҳам кўнглидан ўтиб турган экан. Биз эса мақола ҳақида ўйламадик, директор билан шунчаки йўл-йўлакай суҳбатлашдик...
Суҳбат асносида мезбондан 200 метрдан қудуқ қазиб сув чиқаришганини, насос келтириб мактаб яқинидаги бўш ерга пиёз экканини, бюджетдан ташқари маблағ орттириб моддий таъминотларини яхшиламоқчилигини билиб олдик. Ҳосилни йиғиштириб олишгач қизлар учун тикув машинаси ва шунга ўхшаш тўгаракларга керакли ускуналарни харид қилишмоқчи.
Умуман, мактаб директорининг биологлиги ўқувчиларнинг ҳам табиатга бўлган меҳрини оширишини кузатдик. Мактаб ҳудудида экилган дарахт кўчатлари алоҳида «табличка» билан белгиланган бўлиб ҳар бир синф ўзига тегишли ҳудуд дарахтларини, экинларининг ривожланишини, ўсишини, ҳосил беришини кузатаркан. Демак, бу мактаб болаларидан келажакда дарахт кесувчилар эмас, табиат ҳимоячилари етишиб чиқиши қувонарли.
Ўтган йили мактаб таъмирдан чиқибди. Синфхоналар жиҳозларидан тортиб компютерларгача жуда сифатлиси ўрнатилган, ҳатто эшик-деразаларгача жуда мустаҳкам. Эътиборлиси, директор мактабдаги таъмир ишларини ҳам, сифатни ҳам ўзи назорат қилган.
– Янгиобод тумани, 9-мактабда 161 бола ўқийди, – дейди Рашид Азларов. – 2008 йилдан ўзим ўқиган мактабда биологиядан дарс бериб келганман. 2015 йил директор бўлдим. Ўшанда инглиз тили, математика, география фанлари ўқитувчиларига эҳтиёж жуда катта эди. Шунинг учун ўқувчиларнинг орасида «мен шу фанлар бўйича ўқитувчи бўламан», дея хоҳиш билдирганларини қўшимча дарсларга навбати билан ўзимиз олиб бордик. Ахир ҳар бир боланинг бир тола сочига жавобгармиз. Буни ёзиб ўтирмангизлар, қишки кийим қилишим керак бўлган пулга эски жигулимнинг тўртта балонини янгилаб болаларни қўшимча дарсларга олиб бордим. Ўшанда уринишларим натижа берармикан, деб ўйлардим. Натижаси дарров билинди – биз тайёрлов курсларига олиб борган ўқувчилар бирин-кетин ўқишга кириб кетишди. Улар ўқишни битириш арафасида, битирганларини ишга қабул қиламиз. Бир куни қабристонда шимимга тупроқ тегибди, бир ўқувчим келиб ўзим қоқаман дегунимча энгашиб чангни қоқаётганини кўриб устозлигимдан фахрландим...
Директорнинг яна режаси бор, жонли бурчак сифатида қуён кўпайтирмоқчи. Бу мактаб ҳаёти қайноқ эканлигини атрофга экилган гуллардан, мева туккан анору узумлардан билса бўлади, мактабни битирган ўқувчиларнинг яна шу ерга ўқитувчи бўлиб қайтаётганидан билса бўлади. Янги ўқув йили бошлангач ўқувчилар билан учрашишни мақсад қилиб катта таассуротлар билан ортга қайтдик.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter