Уч асрни кўрган онахон — Фотима Мирзоқулова вафот этди
«Ховар» агентлиги хабар беришича, Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Ашт тумани Шайдон жамоатига қарашли Даҳан қишлоғида яшаб келган Фотима Мирзоқулова 127 ёшида вафот этди.
Фотима Мирзоқулова 1893 йилнинг 13 март куни Ашт туманининг Қаҳрамон қишлоғида (собиқ Булоқ қишлоғи)да таваллуд топган. Турмушга узатилганидан сўнг Даҳан қишлоғида яшаб келган.
Ҳамқишлоқларининг сўзларига қараганда, бутун умр колхозда ишлаган. Саккиз фарзандни дунёга келтириб, боқиб-тарбиялаган. Пенсияга чиққанидан кейин ҳам тиним билмаган дейишади, уззукун пахта даласидан келмаган.
ОАВ маълумотларига қараганда, Фотима она умрининг сўнгги кунигача ўзи мустақил ҳаракат қилган, соғлиғидан умуман шикоят қилмаган. Ҳатто ёшлик даврларини, Катта Фарғона канали қурилишига бориб ишлаганини, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Тўйчи Эржигитовгача яхши эслаган.
Фотима онадан 200 дан ортиқ невара, эвара ва чеваралар қолди, онахон 19, 20 ва 21-асрларни кўрди, учта тарихий давр — Чор Россияси, Совет иттифоқи ва мустақил Тожикистонда умргузаронлик қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter