Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркча «тандир гўшт», бошни айлантирувчи водий: Сииртга саёҳат

Туркча «тандир гўшт», бошни айлантирувчи водий: Сииртга саёҳат

2024 йил, ноябр. Шарқий Анатолияга қилаётган  саёҳатимиз давом этади. Биз тоғлар орасидаги Битлис шаҳрини тарк этиб, жанубга қараб юрдик. Олдинда гуруҳимизни Сиирт шаҳри кутмоқда эди. 

Шаҳар Туркия жануби-шарқидаги Сиирт вилоятининг маъмурий маркази саналади. Шаҳар аҳолиси, асосан турк, араб ва курдлардан иборат. 2019 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра 129 188 киши истиқомат қилган. Бир пайтлар Туркия бош вазири бўлган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон айнан Сиирт шаҳридан ўз номзодини қўйганди. 

Сиирт 1144 йилда салжуқийлар томонидан эгалланган. 1514 йилда эса Усмонийлар ва Сафавийлар ўртасидаги урушда ҳудуд яна турклар ихтиёрида ўтган. 

Сииртда тушлик қилаётганимизда, дастурхонда бурян номли таомни тортишди. Бу худди Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида машҳур бўлган тандир гўштни эслатиб юборади. Таомнинг ҳиди, таъми ва кўриниши ҳам тандир гўшт каби. У нон устига қўйиб тортилади ва истеъмол қилинади. Турклар таомни бурян-кебаб дея аташар экан. У қўзи гўштидан, ўзбеклардаги тандирга ўхшаш жойда пиширилади.Хуллас, Сииртга келсангиз, буряндан татиб кўришни эсингиздан чиқарманг. 

Бурян-кебаб.

Тушликдан сўнг Сииртга яқин масофада жойлашган Ботан водийсини кўздан кечирдик. Ботан - жуда гўзал, аммо баланд ва бошни айлантириб юборувчи водий. Атроф эҳтиёткорлик ила панжаралар билан ўралган. Пастда сокин Ботан дарёси оқади. У Тигр дарёсига бориб қуйилади.

Водий қанчалик сокин ва гўзал бўлмасин, унинг тик қоялари кишини бироз қўрқувга солади. Даранинг баландлиги тахминан 300-400 метрни ташкил қилади. Бу ерда қадимги одамлар истиқомат қилган ғорлар ҳам сақланиб қолган.  Тасаввур қилинг-а, шу водийда ўн минг йиллар аввал мутлақо бегона одамлар ов қилган, яшаган. Энди улардан ғорлар ва тош деворлар қолди, холос. Кўплаб сирлар қадимги одамлар билан бирга ер қаърига сингиб кетди. 

Сииртнинг яна бир эътиборга молик тарихий иншоотларидан бири Улу жамиъ (Катта масжид)дир. У 1129 йилда салжуқий ҳукмдор Маҳмуд II томонида қурилган. Масжид бугунги кунда ҳам фаолият кўрсатади. Умуман олганда Сиирт қадимий ва маҳаллий колоритни ўзида сақлаб қолган. Тор кўчалар, дўконлар, бир четда суҳбатлашиб, чой ичиб ўтирган одамлар ҳақиқий шарқ муҳитини кўз олдингизда намоён қилади. 

Сиртдаги Улу жамъи. 

Шу ерда печка ясаб сотаётган сотувчи амаки билан бироз суҳбат қурдик. У бизга кўмир солиб иситиладиган печка ва сув иситиладиган самоварларни кўрсатди. Сотувчининг айтишича, сўнгги пайтларда ҳавонинг совиши фонида савдо-сотиқ бироз яхшиланган. 

Шаҳар шунингдек, ўзининг оғизда эриб кетувчи ҳолвалари, писта-бодомлари, узум ва майизлари билан ҳам машҳур.

Кўмир ёқиладиган печкалар. Жанубда жойлашганига қарамай Сииртда қишда анчагина совуқ бўлади. 

Улуғбек Орипов, 
Сиирт, Туркия. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг