Туризм соҳасидаги тадбиркорлар харажатларининг бир қисми компенсация қилинади
«Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазиятда туризм соҳаси субъектларини қўллаб-қувватлаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, туризм соҳаси субъектларининг кредитлари бўйича қуйидаги фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми компенсация қилинади:
- жойлаштириш воситаларини қуриш учун олдин берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 2020 йил 1 январгача бўлган фоиз харажатлари;
- янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштириш учун бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари;
- айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган 1 млрд сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган фоиз харажатлари.
Шунингдек, жойлаштириш воситаларини қуриш учун олдин берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда фоиз харажатлари тўлиқ ҳажмда компенсация қилинади.
Ушбу компенсациялар туризм соҳаси субъектларининг кредитлари сони ва ҳажмидан, шунингдек, олдин берилган ва (ёки) берилаётган компенсациялар сонидан қатъи назар ажратилади.
Қарор билан Туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, субсидиялар:
- туроператорларга – авиа ва темир йўл чипталари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун;
- туроператор ва турагентларга – Ўзбекистонга олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун;
- жойлаштириш воситаларига – жойлаштириш хизматлари (меҳмонхона хизматлари) учун ажратилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter