Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентнинг ўртасида сувсиз чўлда қолганлар ёхуд «ўгай»ларни ким эшитади? (видео)

Юнусобод тумани Янги тарнов кўчасидаги айрим хонадонларда 2022 йил январь ойидан буён ичимлик суви йўқ. 11 та оилада 50 дан зиёд инсон шаҳар ўртасида яшашига қарамай, барча шароитдан мосуво, ичимлик сувини узоқдан ташийди ёки сотиб олади.

Сув чиқмай қўйгани учун ҳаммом, ҳожатхона, ошхона ишламайди. Шу ердаги хонадонлардан бирида истиқомат қилувчи, бизга шикоят йўллаган Мўмин Мирсаидовнинг изоҳ беришича, ушбу масала бўйича мурожаат қилмаган жойи қолмаган. Гап шундаки, бу хонадонлар (эски Лок-бўёқ) Crafers корхонаси ва (эски Ўзбекселмаш заводи) Кичик саноат зонаси ўртасида жойлашган ва ҳар икки томон сувни узиб қўйган.

Шундан сўнг бу ерда яшовчи хонадон аъзолари бирин-кетин юқори ташкилотларга мурожаат қилишади.

2022 йилнинг август ойида Юнусобод туман ҳокимлигидан қуйидаги мазмунда жавоб хати келади: «Юнусобод туман ҳокимлиги сизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг веб-сайти орқали ичимлик суви йўқлиги бўйича мурожаатингиз юзасидан қуйидагиларни маълум қилади. Сизнинг мурожаатингиз, туман  «SUVTA'MINOTI» корхонаси ходимлари томонидан  ўрганиб чиқилган ҳамда мурожаатда кўрсатилган сув қувурлари Crafers шоколад заводи қурилишида узиб қўйилган. «SUVTA'MINOTI» корхонаси ваколати доирасида магистрал ичимлик сув қувурига уланиш жойи кўрсатилди...»

Шаҳар сув тармоқлари бошқармаси жавоби ҳам магистрал сув қувурига уланиш тавсияси билан чегараланади: «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 194-қарори, 2-иловаси 11-бандига асосан ИСКХ  ташкилотлари билан истеъмолчилар, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўртасидаги, коммунал сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш элементлари (ичимлик сув ва канализация тармоқлари, иншоотлари, қурилмалари)га хизмат кўрсатиш, уларнинг техник ҳолатини сақлаш ва фойдаланиш юзасидан жавобгарлик чегаралари этиб, сув истеъмоли учун коммунал тармоққа уланишини узиб қўядиган кириш қулфи ичимлик сувга уланиш, истеъмолчиларнинг ички ичимлик суви тизимининг бир қисми ҳисобланади...».

Қарордаги узундан-узун жумлаларни тушунишга уриниб кўрдик. Англашимизча, ҳар иккала корхона сувларига ўзи хўжайин: истаса беради, истамаса йўқ. Савол туғилади: маҳаллада яшовчи «ўгай» фуқароларнинг тақдири шу ҳудуддаги корхоналарга боғлиқ экан, охирги чора қандай?

Хуллас, Тошкент шаҳар «Oʼzsuvtaʼminot» МЧЖ Юнусбод тумани бўлими ҳам мутахассислари мурожаатчиларни Янги тарнов кўчасидан ўтган ичимлик сувига уланишни тавсия қилади.

Аҳолига ичимлик суви етказиб беришга масъул бўлган барча ташкилотлар йўл-йўриқ кўрсатганидек, сув қувурига уланадиган асосий нуқта 300 метр узоқликда, бизга мурожаат қилган аҳоли таъкидлашича эса канализация ва ичимлик суви улаш учун керакли бўлган ускуналар сотиб олишга ва қувур тортишга уларда маблағ йўқ. Аҳолининг имкони бўлганида бир йилдан бери сувсиз ўтирмасди ва мурожаат қилиб овора бўлишмасди.

– Бу борада биз Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ҳам мурожаат қилдик, аммо улар сизларга жавобни телеграмм орқали узатганмиз, деган гап билан кифояланишди, лекин телеграм орқали биз ҳеч қандай жавоб олмадик, – дейди фуқаро М.Мирсаидов. – Биз истеъмолчимиз, демак биз истеъмол қиладиган ҳар қандай хизмат тури хонадонимизгача кириб келиши керак, деб ҳисоблайман. Хонадонимиз ичидаги ҳолатга эса ўзимиз жавобгармиз.

Биз ушбу мурожаат юзасидан Янги тарнов маҳалла оқсоқолининг фикри билан ҳам қизиқдик.

– Янги тарнов кўчасидаги аҳволдан яқинда хабар топдик, – дейди маҳалла раиси Зокир ака. – Сектор бошлиғи, участка инспектори, ҳокимиятдагилар билан бирга борганимизда шу хонадонларда канализация ва ичимлик сувининг йўқлигини билиб қолдик. Ҳозир аввалгидек бир иш ҳал бўлиши учун узоқ кутмаймиз. Насиб бўлса бу йил дастурга киритилади, маблағ ажратилса, сув ва канализация муаммосини ҳал қиламиз.

Кетаётганимизда оқсоқол «тез орада маҳаллада бундай муаммоли жойлар қолмайди», дея ишонч билан гапирди. Биз ҳам яқин орада аҳолининг ичимлик сувга ва канализацияга бўлган талаби қондирилишига ишонамиз ва ушбу мавзуга яна қайтамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг