Тошкентлик энага гўдакларни азоблади. Ва...
Яқинда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб, унда фуқаро Сайёра Эгамовага (исм-шарифлар ўзгартирилган) оид жиноят иши кўриб чиқилди. Рости, судланувчининг бир оила бошига солган кўргуликларидан ёқа ушлайсиз. Ҳали турмуш қурмаган, фарзанд қадрини билмайдиган Сайёра 2014 йилдан 2016 йилга қадар бир аёлнинг икки боласига энагалик қилган ва улар билан бирга яшаган. Бир кун туз тотган уйингга қирқ кун салом бер, дейишади. Аммо Сайёра бу оиланинг тузини тотиб, тузлуғига тупурди. Энг ёмони, 2009 йилда туғилган гўдак Б.Ф.ни сабаб-бесабаб уриб-дўппослади, баданини тирноқлари билан тирнашгача боради... Болакайнинг баданига сигарета чўғи ва қиздирилган темир буюмлар босганига нима дейсиз?! Суд-тиббий экспертизасида вояга етмаган Б.Ф.да «бурун чап ён соҳаси ва кўкрак олд юзасида чандиқлар, яъни яранинг битишидан кейинги излар, чап билак соҳаси гиперпигментация — шилинган жойларнинг битишидан кейинги излар» мавжудлиги аниқланади.
Сайёранинг жиноий ҳаракатлари бу билан тўхтамади. Олдинига товламачилик йўли билан пулларни ўзлаштирган бўлса, энди бу жиноятга хонадон соҳибасининг 11 ёшли қизини ҳам жалб этади. Қизалоқни алдаб-сулдаб, бошқа жойда истиқомат қилувчи келинойисининг уйига ўғриликка жўнатади. (Агар энагага пул олиб келиб берса, фолбин уйдаги инс-жинсларни ҳайдаб, хонадондан фалокатни аритармиш). Қизча фуқаро З.Ортиқовага тегишли нархи 1 500 000 сўм бўлган бир жуфт тилла сирғани яширин равишда Сайёрага келтириб беради. У бу билан чекланиб қолгани йўқ: қизалоқни яна авраб, тағин келинойисининг уйига жўнатади. Шу тариқа З.Ортиқованинг 2 000 000 сўмлик бир жуфт тилла сирғаларини қўлга киритади. Сайёранинг гапларига лаққа тушган қиз учинчи маротаба яна ўша аёлнинг нархи 5 000 000 сўм бўлган тилла тақинчоқларни ўғрилаб келади...
Ушбу ҳаракатлари билан Сайёра Эгамова вояга етмаган қизалоқни бир неча бор ўз жиноятига шерик қилади. Яхши ниятлар билан энагаликка олинган тарбиячи болаларга шу тахлит ўрнак кўрсатадими, шу тахлит тарбия берадими? Болаларнинг ҳаётида рўй берган бундай аянчли воқеаларни улар ёдидан чиқариши ва издан чиққан тарбиясини тўғри йўлга солиш учун энди яна қанча куч-ғайрат сарфлаш керак?
Судланувчи қонун бўйича ўзига тегишли жазони олди. Аммо савол туғилади. Наҳот хонадон эгалари ўзини ғайритабиий тутадиган энаганинг бу қилмишларини икки йил давомида англаб етмаган? Наҳот икки йил давомида бу қизга нисбатан бирор шубҳа туғилмаган бўлса? Суриштириш асносида бунга ҳам аниқлик киритилди. Сайёра аввало, онани ўғлини «эркакдек» тарбиялаётганига, ўғил болани қаттиқ ушлаш кераклигига ишонтиради. Қолаверса, икки гўдакни ҳам қаттиқ қўрқитиб қўяди. Энг ачинарлиси, бу сир болаларнинг онаси яхши маошли ишидан ажрагач ойдинлашади. Ишсиз қолган аёл икки боласи билан ота хонадонига қайтиб боради. Ва энагадан қутулган болалар бошидан ўтганларини бобо-бувиларига айтиб беради. Ахир, жиноятчи қилмишига яраша жазосини олади, ҳатто етказилган зарарни тўлайди, дейишингиз мумкин. Аммо етти ёшидаёқ ҳам маънан, ҳам жисмонан қийноқларга солинган болакай, ўн-ўн бир ёшли бир неча марта киприк қоқмай ўғирлик қилишни «қойиллатган» қизалоқ тарбиясига етказилган зиён-заҳматни қандай қоплаш мумкин?
Афсуски, энагалик катта масъулият талаб қилишини ҳали-ҳануз англаб етганимиз йўқ. А.С.Пушкиннинг энагаси Арина Родионовна шоирнинг шоир бўлишида катта хизмати бўлган ёки Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги қироли Георг V нинг болалари энагаси Шарлотта Билл бу оиласининг энг яқин дўстига айланган. Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романидаги Юсуфбек Ҳожининг хонадони хизматкори Ҳасанали нима сабабдан ушбу оилада ўз ўрнига эга бўлгани ҳаммамизга маълум. Бу энагалар ўзининг одоб-ахлоқи, тарбияси ва қолаверса тарбиячи сифатида салоҳиятию меҳри билан ўз вақтида болаларнинг кўнглидан жой олган. Психологлар тили билан айтганда энагаларнинг ҳам тоифаси бор: энага-бошлиқ, энага-хизматкор, энага-дугона, энага-робот...
Энага-бошлиқлар, қачонки боланинг онаси тажрибасиз, уқувсиз бўлганда фарзанд тарбиясидан тортиб уй тутумигача ўзи назорат қилади. У она билан эмас, она у билан ҳисоблашади.
Энага-хизматкор эса оила аъзолари нима деса, ўшанга итоат қилади.
Энага-дугонанинг яхши томони она билан яқинлиги, ёмон томони, она унга ҳеч қандай таъсирини ўтказолмайди. Ахир дугонасини хафа қилиб қўйиши мумкин.
Энага-робот эса барча ишни қойиллатгани билан бола қалбига йўл тополмайди. Яна бир тоифа энагалар бўларканки, болалар уларни ўз онасидан ҳам кўра яқин кўраркан. Германияда номи тарихда қолмаган, аммо меҳрибонлиги билан ном қозонган бир энага ўтган. Меҳрибонлик уйида ҳам руҳан, ҳам жисман соғлиғи ёмонлашган, яшаб кетиши қийин болаларга айнан шу энага қарагандан кейин ҳаётга қайтаркан. Бунинг сабаби жуда оддий: энага овқат пиширадими, ухлайдими, ҳамма вақт боланинг ёнидан бир дақиқа ҳам жилмас экан. Хулоса шу бўлганки, бола ёнидаги одамдан қанчалик меҳр кўрса, шунча тез оёққа туради. Англиялик ёзувчи Памела Грэварснинг «Мэри Поппинс» асари айнан ана шундай сеҳрли қалб эгаси бўлган энагалар ҳақида. Ушбу асар эгизаклар Жейн ва Майкл ҳамда осмондан тушган Мэри Поппинс исмли энаганинг саргузаштлари ҳақида.
Онасига фарзандларини ташлаб кетаётган бемеҳр аёл бегона гўдакка ёки қари кишиларга меҳр беришига эса сира ишонгимиз келмайди.
Педагог кадрларни тайёрлайдиган институтларда албатта энагаларни етиштириб чиқарадиган бўлимларга эҳтиёж бор, менимча. Ёки мактабгача тарбия муассасалари учун етишиб чиқаётган мутахассислар қанчалик соҳасига фидойилигини бугун қандай аниқлаш мумкин? Тарбиячи ёки энаганинг иши фақат боланинг қорнини тўйғазиш, вақтида ухлатиш, турли расм чизишни ўргатиш эмас-ку. Тарбиячи ёки энага юқоридаги ишларни қойиллатиб бажариши мумкин. Аммо бу болани яхши кўради, дегани эмас. Боланинг кўнглига йўл топиш эса жуда қийин, яъни болани алдаб бўлмайди.
Педагогика коллежларидаги ўқувчилар амалиёт ўташ учун боғчаларга юборилади. Аммо уларнинг ичида ҳаммаси юз фоиз бола тилини тушунади, деб айтолмаймиз.
Психологлар тили билан айтганда агар бола энагага талпинмас экан, у ҳеч қачон меҳрибон энага бўлолмайди. Балки боғчаларда тарбиячиларни меҳрибон ёки тошбағирлигини синаш учун болалар орасига қўйиб, бир неча кун синаш керакдир. Болалар қочадиган, онасининг ортига яширинадиган боғча опалар, тарбиячилар ёки энагалар болалар тарбиясига масъулликни ўз зиммасига олмаганлари маъқулдир.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган «Мэри Поппинс» каби ўқув марказларида очилган «Янги имконият» курсларида энагалик қилиш нияти борлар бир ой ўқитилмоқда. Аммо бу бир ой жуда кам назаримда.
Кўпчилик ота-оналар фарзандларининг тақдирига шу қадар бефарқки мана шундай агентликлардан ишончли энагаларни излаш ўрнига етти ёт бегонани ишга олишади. Ахир, қандай қилиб гўдакнинг тарбиясини бирор маълумотга эга бўлмаган инсонга ишониб топшириш мумкин?! Ахир, қандай қилиб ўз ота-онасига меҳр кўрсатмаган, қайнонасининг ҳурматини жойига қўёлмаган аёллар кекса отахону онахонларнинг кўнглига йўл топиши мумкин? Кейинги пайтларда ота-оналар пул топиш мақсадида фарзандларини билмаган, синалмаган, бирор маълумот олгани уёқда турсин, ўз оилавий ҳаётини ўнгламаган Сайёра каби тарбияга муҳтож кимсаларга ишониб топшираётган кўплаб ҳолатлар юзага қалқиб чиқмоқда. Фарзанд тарбиясида ана шундай лоқайдликка йўл қўйишнинг оқибати эса юқорида айтилгани каби жуда аянчлидир. Энг ёмони, болаларнинг болалиги ўғирланади, қолаверса, аёлга, онага, тарбиячига нисбатан нафрат уйғонади.
Францияда аёллар имкон қадар олий маълумот олишга ҳаракат қилишади. Бундан мақсад карьера қилиш ёки бирор соҳада ишлаш эмас, балки фарзанд тарбиясида олган билими асқотишини ўйларкан. Шу топда бир донишманднинг мана бу гапи ёдимга тушди: «Менга яхши оналарни беринг, мен дунёни яхшилайман». Мен эса бундай деб ўйлайман: «Бизга яхши аёлларни беринг, биз дунёни яхшилаймиз».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter