Ойига 500 кг тайёр тилла маҳсулот: «Фонон» заргарлик заводига пресс-тур уюштирилди (фото)
Бугун, 29 январ куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан «Фонон» заргарлик заводига пресс-тур уюштирилди.
Хабарингиз бор, 2019 йил 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди. Фармонга мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудида сифатли ва рақобатбардош заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Марказий Осиёдаги энг йирик заргарлик заводи ташкил этилди ҳамда 2021 йилнинг 15 январь куни заводнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қурилиш ишларига «Асака банк» томонидан 21 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилган.
Заргарлик буюмларини замон талабига мос равишда сифатли ва рақобатбардош маҳсулот сифатида ишлаб чиқариш мақсадида барча асбоб-ускуналар Италия, Германия ва Туркиянинг заргарлик соҳасидаги етакчи ишлаб чиқарувчиларидан келтирилган бўлиб, 8 нафар италиялик мутахассис ҳозирда ёшларга ўзи билимларини ўргатиб келмоқда. Улар 6 йил мобайнида корхонада ишлаб, ёшларга ўз билимларини ўргатадилар.
- Ҳозирда заводда 250 дан ортиқ ишчи-ходимлар ишлаётган бўлса, уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади, - дейди завод директори Жасур Рузаев. - Шу билан бир қаторда, ёшларнинг асосий қисми касб-ҳунар коллежларини битирган бўлиб, улар завод ичида ташкил қилинган ўқув курсларида қайта малакалари оширилди. Келгусида жойларда ҳам таклиф асосида ўқув-амалий курсларини ташкил этиб, қобилиятли ёшларни ишга таклиф этиш ниятимиз бор.
Жасур Рузаев, шунингдек, заргарлик заводи Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли экани ҳақида тўхталиб ўтди.
Бу ерда 300 турдан зиёд тайёр ва ярим тайёр заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳар бир буюм чизмалари дизайнерлар томонидан яратилган. Заргарлик буюмларни тайёрлаш босқичма-босқич амалга оширилиб, битта маҳсулот тайёр ҳолга келгунча камида 11 босқичдан ўтади. Ушбу буюмларни тайёрлаш ўта нозик иш бўлганлиги сабабли унинг асосий қисми қўл меҳнатида бажарилади. Ишлаб чиқилаётган заргарлик буюмлари соф олтиндан ишланган бўлиб, фақатгина қимматбаҳо тошлар чет элдан келтирилмоқда.
Завод ойига 500 кг тайёр заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона келгусида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг асосий қисмини ички бозорда, 15 фоизини эса чет элга, асосан Ўрта Осиё минтақасига савдога чиқаради. Бугунги кунда италиялик мутахассислар тавсияси билан тайёр маҳсулотларга Америка ва Япония бозорида қизиқиш пайдо бўлган. Ҳозирда завод қошида сотув дўкони очилган бўлиб, у ерда улгуржи ва чакана савдо йўли билан завод маҳсулотларини сотиб олиш мумкин. Нархлар халқаро биржа курслари бўйича ҳисобланади.
Завод йилига мамлакатимизга 120-130 миллион доллар фойда келтириши мумкин. Яқин орада онлайн савдоларни йўлга қўйиш мақсадида мутахассислар томонидан маҳсус иловалар ишлаб чиқилмоқда.
Келгусида завод буюртма асосида ҳам заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имкониятига эга.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter