Тошкентдаги маҳаллада узлуксиз ер қимирламоқда... (видео)
Тошкентдаги ер усти метро йўналишининг «Чоштепа» бекати Сергели тумани, Чоштепа кўчаси 11-берк кўчасидан ўтаётган қисмида яшаётган аҳоли уйларида кунига 24 соатлаб ер қимирлашидан шикоят қилмоқда.
Маҳалла аҳли сўзларига кўра, ушбу ҳудуд 2017 йилдан буён «снос»га тушган. Айнан метро йўлининг ўтиш қисмидаги уйлар бузилган. Ҳозирда ушбу линияга жуда яқин (тахминан 10 метр масофада) 20 тача хонадон қолган.
«Маҳаллага кириш йўли абгор аҳволда. Ҳатто йўлни йўқ десаям бўлади. На канализацияси бор, на бирор инфратузилма. Ҳаммаёқ тупроқ ва чанг.
Метро қурилиши уч сменада олиб борилаётгани туфайли ишчилар йирик техникаларда 24 соат ишламоқда. Тахминан 10 июндан буён ушбу бекатдаги ер усти метроси устунлари ораси бино қуриш учун қазилиб, 60-80 тонналик техникаларда тупроқни жипслаш (трамбовка) ишларини олиб боришмоқда.
Бундан ушбу ҳудудга яқин барча уйларда деворлар, эшик, дераза, дарвоза, мебеллар кун давомида тинимсиз титраб овоз чиқармоқда. Худди 2-3 баллик зилзилада кун бўйи ўтиргандек ҳис қиласиз ўзингизни. Бир неча сония давом этадиган зилзилада одамлар қанчалик юрак ҳовучлаб қолишини яхши биласиз. Энди тасаввур қилинг: бу ерлик аҳоли бир неча кундан бери шундай ҳолатни бошидан кечиришмоқда.
Маҳалла аҳли томонидан бир неча маротаба қурилиш ташкилоти раҳбарларига ҳозирги карантин даврида барча, қариялар, болалар уйдалиги, бу ер титрашидан умуман дам олиб бўлмаётгани тушунтирилган. Лекин ҳеч ким буни эшитгани йўқ, дейилади чоштепаликлар мурожаатида.
Видеода келтирилган ҳолат кун-у тун давом этиб туриши ва бу даҳшатни ичида яшаш, дарҳақиқат, жуда оғир. Албатта, метро йўли ҳам қурилиши лозим, аммо унга яқин аҳолига қаттиқ жабр қилмасдан буни амалга ошириш имкони бўлиши керак-ку.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter