Тошкентда катта миқдордаги истеъмол муддати ўтган сариёғ савдосига чек қўйилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Учтепа туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир ўтказилди. Унда маълум бўлишича, фуқаро Ж.Ш. ЯТТ «А.Б»нинг муҳридан фойдаланиб, унинг номидан сохта юк-хатини тайёрлаб, Литва давлатида ишлаб чиқарилган, истеъмол қилиш муддати ўтган жами 550 кг. сариёғни ҳар бир килограммини 56,0 минг сўмдан ҳисоблаб 30,8 млн. сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир жараёнида, Ж.Ш.нинг кўрсатмаси бўйича Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган «Z-T» МЧЖ омборхонаси кўздан кечирилганда Литва давлатида ишлаб чиқарилган истеъмол қилиш муддати ўтган жами 22.450 кг сариёғ мавжудлиги шунингдек, «I-F» МЧЖ томонидан мазкур омборхонадан 625 кг. сариёғ «Ўрикзор» савдо мажмуаси ҳудудида савдога қўйилганлиги аниқланган.
Шунингдек, ўтказилган лаборатория таҳлили натижаларига кўра ушбу сариёғ маҳсулотлари истеъмолчиларнинг ҳаёти ва хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Тадбир якуни бўйича, умумий нархи 1,3 млрд. сўмлик жами 23.625 кг истеъмол қилиш муддати ўтган сариёғ маҳсулотлари олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ж.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади Бош прокуратура хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter